ЯНГИ ВАЗИРЛИККА ТАЙИНЛОВ АМАЛГА ОШИРИЛДИ


Шу йилнинг 20 февраль куни  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ташкил этилишига бағишланган мажлис бўлиб ўтди.

Мажлисни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов кириш сўзи билан очди ва шу йилнинг 12 февраль куни муҳтарам ­Президентимиз Ш.Мирзиёев ­раислигида ўтказилган маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган муҳим масалаларга тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, сўнгги уч йилда маҳалла тизимини ривожлантириш борасида кўпгина ишлар амалга оширилди. Жумладан, маҳалла институтига оид 38 та қонун ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, 50 дан ортиқ ҳужжатлар қайта кўриб чиқилди, жамият ҳаётида фидойилик кўрсатиб келаётган соҳа ходимлари давлат мукофотлари билан тақдирланди, фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котибларининг ойлик иш ҳақи ўтган йилнинг ўзида 1,5 баробар оширилди.

Шунингдек, йиғилишда ­Президентимиз томонидан соҳадаги камчилик ва муаммолар бирма-бир санаб ўтилиб, маҳалла тизими танқид остига олинган эди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари У.Исмаилов, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Б.Парпиевлар сўзга чиқиб, янги вазирликнинг олдига қўйилган вазифалар хусусида тўхталди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида маҳалла тизими ва профилактика инспекторлари фаолият тузилмасини ўзгартириш, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикка эътиборни кучайтириш, маҳаллалар фаолиятини “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида йўлга қўйиш, маҳалла раислари ва профилактика инспекторларининг яқин ҳамкорлигини таъминлаш, ҳар бир уй, оила ҳолидан хабардор бўлиш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар белгилаб берилган. Шу асосда муҳтарам Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, вазирлик ўз фаолиятини бошлади.

Мазкур қарорда Қорақалпоғис­тонда ҳам шундай вазирликни ташкил этиш белгиланиб, унинг намунавий тузилмаси тасдиқланди. Аҳамиятли жиҳати, вазир ­лавозимига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ­Раисининг ўринбосари мақоми берилмоқда.

Мажлисда вазирликка тайинловлар амалга оширилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Қонунчилик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари қўмитаси раиси С.Турманов Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига ­тайинланди. Вазирнинг биринчи ўринбосари этиб М.Ахмедова, ўринбосарлари лавозимига Ш.Уснатдинов ва У.Турдибаев тайинланди.

Тадбирда янги тайинланган вазир ва унинг ўринбосарлари тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ­Қ.Сариев, Жўқорғи Кенгес депутатлари К.Каримов, Ф.Ибадуллаев, Б.Абдуллаев, З.Реймова, Шўманой тумани ҳокими Б.Янгибаевлар фикр билдирдилар.

Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгеси Матбуот хизмати.

Қ.Бегимов олган сурат.