Қуролли Кучлар тизимида, ҳарбий қисм ва бўлинмалардаги ҳарбийлар ва ҳарбий хизматчилар орасида «Темур тузуклари билимдони» танловининг биринчи босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Қуролли Кучлар тизимидаги вазирликлар, қўмиталар ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши томонидан 2019 йил 15 июлда қўшма қарор қабул қилинди.
Шунга мувофиқ ўтказилаётган танловнинг биринчи босқичида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳарбий қисмлари, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар, Божхона бошқармалари, Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва Қўриқлаш бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қисмлари ҳарбий бўлинмаси ва идораларида хизмат қилаётган 30 ёшгача бўлган ҳарбийлар ва ҳарбий хизматчилар «Темур тузуклари»дан тузилган тест синовларини топширди.
— Танловни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, ёш ҳарбий хизматчилар орасида китобхонлик маданиятини ошириш, китоб ўқишга бўлган кўникмаларни шакллантириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий хизматчиларнинг маънавий ва назарий билимларини янада оширишдир, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг ҳарбий бўлимлардаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими раҳбари Нурсултан Розибаев. — Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг истеъдодини юзага чиқаришга имконият яратиш, буюк саркарда Амир Темур ва темурийлар тарихини ўрганиш, халқимизнинг ўзига хос бунёдкорлик, ватанпарварлик, ҳалоллик, фидойилик каби юксак фазилатларини ёшлар орасида кенг тарғиб қилишдир.
Қорақалпоғистон Республикасида Қуролли Кучлар тизимидаги 15 ҳарбий бўлим ва қисмларда танловнинг биринчи босқичи бўлиб ўтди. Унда энг юқори балл тўплаган бир нафардан ҳарбий ва ҳарбий хизматчи танловнинг кейинги босқичига йўлланма олди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ,
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.



