Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси томонидан алоқа тизимини яхшилиш, соҳага замонавий телекоммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантиришга оид манзилли дастурига мувофиқ босқичма-босқич амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ҳозирги вақтда, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида республикамиз аҳолисига «Ўзбектелеком» АК Қорақалпоғистон Республикаси филиали симли алоқа, «Билайн», «Ucell», «UMS», «Perfectum Mobile» ва «Ўзбекмобайл» – уяли алоқа операторлари замонавий, сифатли алоқа хизматларини таклиф қилмоқда.
— 2019 йил якуни бўйича республикамизда мобиль алоқанинг қамраб олиш даражаси 95 фоизга етди, — дейди бошқарма бошлиғи Т.Баекеев. — Ҳозирда, жамиятимиздаги ижтимоий-иқтисодий соҳаларга ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш ва фойдаланиш муҳим вазифаларимиздан биридир.
Шу боис, ҳозирги кунда алоқа соҳасининг мақсадли ва самарали ривожланиши учун қонунчилик, меъёрий-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқиш, халқаро операторлар билан эркин алоқа каналларини ташкил қилиш, инвестицияларни жалб қилган ҳолда телекоммуникация тармоғини рақамли технологиялар базасига модернизациялаш каби ишлар амалга оширилмоқда.
«Ўзбектелеком» АК Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан шу кунгача мавжуд бўлган телекоммуникация тармоқларини модернизациялаш, янги замонавий технологияларни жорий қилиш шунингдек, истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматларнинг турини кўпайтириш ва кўп сонли салоҳиятли абонентларни жалб қилиш мақсадида сервис даражасини яхшилиш ишлари доимий равишда олиб борилмоқда.
Бугунги кунда филиал томонидан телефон алоқаси, интернет, IPTV хизматлари кўрсатилаётир. Бу хизматлар сифатли, истеъмолчилар учун қулай ва оддий бўлиши керак. Шу мақсадда, республикамиз бўйлаб, «Ягона дарча» тамойили асосида фаолият кўрсатадиган савдо бўлимлари ҳар хил алоқа хизматларини кўрсатиб келмоқда. Олдинлари компания абонентлери телефон, интернет, уяли алоқа хизматларидан фойдаланиш учун «Ўзбектелеком» АКнинг ҳар бир филиалига алоҳида мурожаат қилган бўлса, бугунги кунда янги савдо бўлимига келиб, бир жойдан барча турдаги хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга.
Шунингдек, филиал томонидан телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш ва қайта таъмирлаш бўйича бир қатор ишлар бажарилмоқда. Бугунги кунга келиб туман (шаҳар) марказларини рақамлаштириш 100 фоизга етди.
Интернет хизматларини ривожлантириш ва жорий қилиш учун «Ўзбектелеком» АК Қорақалпоғистон Республикаси филиали, «Buzton» ЖК ва «East Telecom» томонидан хизмат кўрсатилмоқда.
Провайдерлер томонидан кенг полосали интернет хизматлари, ажратилган ва оптик толали кабель орқали маълумотлар алмашиш транспорт тармоқларининг ўтказиш тезлиги Тошкент-Нукус оралиғи 100 Гбит/с, шаҳар ва туман марказларигача 10 Гбит/с.га етказилди.
Қорақалпоғистон Республикасида магистрал ва ҳудуд ичкарисига оптик толали алоқа линиясининг қурилиши алоқа соҳасидаги муаммоларни ҳал қилади. Сабаби, замонавий рақамли тизимни маълумотлар узатиш, сифатли алоқа линияси, телевидение ва интернет ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси соҳадаги барча корхона, ташкилот ва бўлимларга ўтган йил давомида Ахборот технологияларни ривожлантириш бўйича «Ўзбектелеком» АК Қорақалпоғистон Республикаси филиалига сиғими 5184 абонентга мўлжалланган 8 дона MSAN қурилмаси ажратилди. Шунинг 5 таси Нукус шаҳрига, иккитаси Хўжайли туманига ва биттаси Мўйноқ туманига ўрнатилиб, аҳолига IPTV ва интернет хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди.
Шунингдек, 2020 йилдан қишлоқ жойларида замонавий телекоммуникация хизматларни жорий қилиш ва инфратузилмасини янада ривожлантиришнинг манзилли дастурига асосан, республикамизда янгидан 40 дона MSAN қурилмасини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Кенг полосали хизматларни кўрсатиш учун ўрнатилган қурилмаларнинг сиғими 50,3 минг донага кўтарилди, 18 та янгидан қурилган кўп қаватли уйларга FTTx технологияси асосида 17 км.лик оптик толали алоқа кабеллари тортилди ва истеъмолчиларга кенг полосали телекоммуникация хизматлари таклиф қилинмоқда.
Бугунги кунда GPON технологияси асосида 852 км. узинликдаги оптик толали алоқа линиялари тортилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги томонидан тасдиқланган дастурга мувофиқ, 2019 йил давомида жами 505 ижтимоий соҳа объектларида (274 мактаб, 118 боғча, 113 соғлиқни сақлаш муассасалари) 300,9 км.лик оптик толали алоқа линиялари қурилди.
Ҳозирги кунда халқ таълими, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларига оптик толали алоқа линияларини тортиш учун Switch ускуналарини олиб келиш ва ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Давлат хизматлари агентлигининг туман (шаҳар) марказларигача 5,6 км, туман (шаҳар) судларининг биноларигача 15,1 км, туман (шаҳар) прокуратура биноларигача 11,2 км ва «НУКУС-Фарм» эркин иқтисодий зонаси ҳудудигача 2,7 км. масофага оптик толали алоқа линиялари тортилиб, уларга алоқа ва интернет хизматлари кўрсатила бошланди.
Республикамиздаги туристик жойларга қулайлик яратиш мақсадида Нукус шаҳрида темир йўл вокзали, «Истиқлол» боғи, Ёшлар маркази, Муҳаммад Ал Хоразмий номидаги ТАТУ Нукус филиали, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи ҳудуди, Мўйноқ туманидаги Орол музейи, кемалар қабристони, Экология музейи, Беруний туманидаги Ахборот-ресурс маркази, «Ёшлар боғи» ва Қонликўл туманидаги Ёшлар маркази учун оптик толали алоқа кабеллари тортилиб, Wi-Fi зоналари ташкил қилинди.
«Телекоммуникация транспорт тармоғи» филиалининг 6-сонли техник узели жорий йил давомида Нукус-Қўнғирот-Бейнеў халқаро телекоммуникация тармоқларини захирага олиш мақсадида Қўнғирот-Мўйноқ 100 км. ва Кегейли – Бўзатов 50 км.лик оптик толали алоқа кабеллари тортилди.
Почта алоқасини кўрсатиш бўйича аҳолининг почта жўнатмаларини тезкор етказиб бериш мақсадида Нукус шаҳрида ва туман почта алоқаси бўлинмаларида «Оператив почта» ва курьерлик хизматлари йўлга қўйилди.
Истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида Беруний, Элликқалъа, Чимбой туманлари ва Нукус шаҳри давлат солиқ инспекцияси, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бўлимлари бинолари қошида тўловларни қабул қилиш пунктлари ташкил қилиниб, барча почта алоқаси бўлинмаларида ва алоқа бўлимларида “Ўзагросуғурта”, “Кафолат”, “Узбекинвест” суғурта компанияларининг ихтиёрий суғурталарини, рақамли телевидение телекарталарини сотиш йўлга қўйилди.
РРТО МУКнинг Қоракалпоқ радиотелетарқатиш маркази томонидан 16 объектга жами 21 юқори ва кам қувватли рақамли телевидение узатгичларини ўрнатиб республикамиз аҳолисини рақамли телевидение билан қамраб олиш 100 фоизга етказилди.
Президентимизнинг бешта муҳим ташаббусига асосланиб, Нукус шаҳри, Мўйноқ, Беруний ва Қонликўл туманларида Рақамли технологиялар IT марказлари очилди. Бугунги кунгача мазкур марказларни 900 нафар ёшлар битказиб, сертификатлар олди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг ташаббуси билан Мўйноқ туманида “Future Muynak” IT маркази ва Book cafe объектлари фойдаланишга топширилди. Бу муассасалар Муҳаммад Ал Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот-технологиялари университети Нукус филиалининг балансига ўтказилди.
Ахборот коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш мақсадида Вазирлар Кенгаши томонидан 6 та ахборот ресурси, 7 та ахборот тизимлари (Reestr.uz) жорий қилинди. Очиқ маълумотлар (data.gov.uz) порталига 279 дона маълумотлар тўплами жойлаштирилиб, улардан 144 минг маротаба юклаб олинган.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида, шаҳар ва туман ҳокимликларида локал ва корпоратив тармоқлар ташкил қилинди.
Маҳаллий ҳокимликлар, давлат ва хўжалик бошқарув органларида электрон ҳужжат айланиши тизимини ташкил қилиш учун “Е-XAT” ҳимояланган электрон почталари ва “IJRO.GOV.UZ” электрон ҳужжат айланиши тизимлари жорий қилинди.
Иқтисодиётимизнинг барча тармоқлари ва маиший соҳаларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ва кенг жорий қилиш, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар учун давлат хизматларини кенгайтиришни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 27 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори билан «Ўзбекистон Республикасида телекоммуникация технологияларини ва тармоқлар ҳамда алоқа инфратузулмасини 2013-2020 йилларда ривожлантириш дастури» тасдиқланди.
Ушбу дастурга мувофиқ, 2013-2020 йилларда телекоммуникация тармоғидаги алоқа инфратузулмасини, стационар кенг полосали интернет алоқасини ривожлантириш, мобиль алоқа тармоғининг базавий станцияларни 3G, 4G LTE, EVDO, LTE технологиялари асосида кенгайтириш ва маълумотларни 100 Мбит/с.га етказиш, халқаро коммутацияни 300 Гбит/с, Ўзбекистон Республикаси ичидаги магистрал тармоқларнинг етказиш тезлигини вилоят марказларигача 100 Гбит/с.га, туман марказларигача 40 Гбит/с.га етказиш, «Клиринг», «Солиқ», “Соғлиқни сақлаш», «Адлия», «Савдо», «Божхона», «Таълим», «Давлат бошқаруви», «Нафақа», «Коммунал» ва «Лицензия» ахборот тизимлари мажмуаларини ва маълумотлар базаларини жорий қилиш вазифалари белгиланган. Олдимизда мазкур вазифаларни бажаришдек, масъулиятли ишлар турипди.
Шунингдек, соҳага Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини риовжлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” ги фармони билан ҳам бир қатор вазифалар юкланди.
Жумладан, 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолиятида фуқароларнинг Интернет тармоғидаги мурожаатлари асосида парламент ва депутатлик сўровларини шакллантириш, сайловчилар билан бевосита боғланиш мақсадида электрон портал ва мобиль иловасидан фойдаланиш имкониятини берадиган «Электрон парламент» тизимини жорий қилиш, 2020 йил 1 июлгача «Mening fikrim» веб-порталининг мобиль иловасини ишга тушириш чораларини кўриш, 2020 йилда «рақамли маркировка ва онлайн касса» лойиҳасини ўз вақтида ва тўлиқ бажариш ҳамда «Э-омбор» товарларни ҳисобга олишнинг электрон тизимини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш белгиланган.
Шунингдек, 2020 йилда камида 800 минг кенг полосали Интернет портларини яратиш ва 12 минг километр оптик толали алоқа линиялари тортиш белгиланган. Шу билан бирга икки ой муддатда бизнес, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларга ва ўзини-ўзи банд қилмоқчи бўлганларга сервис кўрсатувчи интерактив мобиль иловаларини яратиш учун танловлар эълон қилиш ҳамда энг яхши лойиҳаларга грантлар ажратиш тизимини йўлга қўйиш, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда экспертлар, жумладан, халқаро экспертлар иштирокида маълумотлар ҳақидаги фан, катта маълумотлар, сунъий интеллект каби йўналишларда кадрлар тайёрлашни назарда тутган ҳолда, ахборот-коммуникациялари ва рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ўқув дастурларининг қайта кўриб чиқлишини таъминлаш, «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш йўналишида ва соҳага тегишли бошқа муҳим вазифалар юкланди.
Олдимизга қўйилган вазифалар белгиланган муддатларда амалга оширила, бу – соҳа янада ривожланишига, халқимиз фаровонлиги ошиши ва ишлари енгилашиши учун хизмат қилади.
Ёзиб олган
А.Жиемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлигиниинг шарҳловчиси.



