“Бу курашда тиббий чоралар билан бирга юксак тафаккур, қатъий интизом, сабр-тоқат ва улкан масъулият кўрсатишимиз лозим. Бу сифатлар бизнинг энг асосий ва энг таъсирчан қуролимизга айланиши шарт”.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев.
Бугунги кунда дунёда коронавирус инфекцияси инсониятга жиддий хавф солмоқда. Коронавирус пандемияси нафақат инсонларнинг ҳаёти ва соғлиги, балки барча давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигига ҳам хавф туғдирмоқда ва жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозига сабабчи бўлмоқда.
Инфекция кенг тарқалиши сабабли инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритилиши, айрим йирик корхоналар фаолиятининг тўхтатилиши, ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқаришига, халқаро савдо алоқаларининг издан чиқишига, дунё молия бозорларида хомашё товарлари нархларининг пасайишига ва бошқа жиддий қийинчиликларга олиб келмоқда.
Ушбу вазият ва омиллар глобал иқтисодиёт тизимининг бир қисми бўлган Ўзбекистонга ҳам зарарли таъсирини кўрсатмоқда.
Маълумки, 2020 йилнинг 19 март куни Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармон билан Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн. сўм миқдоридаги “Инқирозга қарши курашиш жамғармаси” ташкил этилди. Ушбу жамғарма маблағлари биринчидан, коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича соғлиқни сақлаш соҳасидаги тадбирларни молиялаштириш, иккинчидан, тадбиркорликни ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш, учинчидан, аҳолини қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, тўртинчидан, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлашга йўналтирилади.
Шуни қайд этиш керак, Муҳтарам Президентимиз раислигида жорий йилнинг 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўтган видеоселектор йиғилишида, “Бугунги кунда бутун дунё, инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда” дея таъкидланган эди.
Барчамизга маълумки, коронавирус эпидемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда қисқа даврда бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлар ишлаб чиқилди.
“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган 244-5 модда билан тўлдирилди. Ушбу модданинг иккинчи қисмида бундай ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тарқатганлиги учун оғирлаштирилган жавобгарлик кўрсатилиб, уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Шунингдек, Жиноят кодексининг санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш учун жавобгарлик кўрсатилган 257-1 моддаси жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар билан янги таҳрирда ишлаб чиқилди. Унга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида Давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувидан ва даволанишдан ўтиш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларни узрли сабабларсиз бажармаслик одамларнинг оммавий қасалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарса ёхуд одамларнинг оммавий қасалланиши ёки заҳарланишига олиб келса айбдор шахс бошқа алтернатив жазолар билан бирга беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жиноятнинг жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлари сифатида ушбу қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш (2-қисм), агар айбдорнинг ўша қилмиши одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади (3-қисм).
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга назар ташлайдиган бўлсак, уларни айни вақтнинг зарурли талаби эканлигига амин бўламиз. Кодекснинг “Маъмурий жазо” деб номланган учинчи боби “Маъмурий жазо ва мажбурлов чораси” этиб белгиланиб, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш кўрсатилган 29-2 моддаси билан тўлдирилди.
Унга кўра, ушбу шароитда санитария ва эпидемияга қарши курашиш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда, давлат органлари томонидан карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги 30 суткагача бўлган мажбурлов чоралари қўлланиши мумкинлиги белгиланди. Ушбу тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларининг ижроси давлат Санитария назорати, Ички ишлар ва Миллий гвардия органлари томонидан амалга оширилади.
Шу билан бирга, бугунги коронавирус эпидемиясининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш учун жавобгарлик кўрсатилган 54 моддаси янги таҳрирда ишлаб чиқилди. Ушбу модданинг биринчи қисмида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида жамоат жойларида ниқобсиз юрганлик учун жавобгарлик кўрсатилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланди.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида бўлса, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик ҳамда Давлат санитария органларининг тиббий текширувдан ва белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларни узрли сабабларсиз бажармаслик учун жавобгарлик кўрсатилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирмадан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўттиздан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шуни қайд этиш керакки, қонун ҳужжатларига ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши ҳақида аҳоли орасида асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун етарли шароит яратиш, юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олишни амалга ошириш, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш учун жавобгарлик ва жазо муқаррарлигини англаш мақсадларида киритилди.
Хулоса ўрнида, Муҳтарам Президентимизнинг миллатнинг отаси сифатида, ҳар бир инсон ва оилага меҳр-эътибор билан чин қалбидан айтган сўзларини яна бир бор келтириб ўтмоқчиман.
“Ишонтириб айтмоқчиманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз».
Ботир Матмуратов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси.



