Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Нукус шаҳрида яшовчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Қадирбай Нармановнинг оиласида бўлиб, байрам совғаларини топширди.

Нуронийни 9 май — Хотира ва қадрлаш куни, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги билан қизғин табриклади.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг шу йил 30 мартдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони асосида бугун ҳам сафларимизда туриб, она Ватанимиз нуфузини янада юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш, уруш қатнашчиларини ва ногиронларини моддий рағбатлантириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур фармонга мувофиқ, уруш фахрийсига 10 000 000 (ўн миллион) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг “1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги” медаллари, “Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган Ғалабага қўшган ҳиссаси” номли китоб альбоми, “Ўзбекистонлик Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари” номли китоб ва эсдалик совғаси топширилди. Шунингдек, уруш қатнашчисига Шимоли ғарбий ҳарбий округи, Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси, Нукус шаҳар ҳокимлиги номидан совғалар топширилди.
— Биз уруш фахрийларига кўрсатилаётган бундай алоҳида ғамхўрлиги учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдирамиз, — дейди Қадирбай Нарманов. — Осмонимиз очиқ, ҳаётимиз янада фаровон, фарзандларимиз бахтли бўлсин. Халқимиз бугунги қийинчиликларни ҳам енгиб ўтади, деган умиддаман.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг қаҳрамонлиги асло унутилмайди. Уларнинг ҳаёт ва меҳнат йўли келажак авлодга намуна бўлиб қолаверади.
Д.Абибуллаев.М.Ҳабибуллаев олган сурат.



