МАСОФАВИЙ ДАРСЛАР ЎҚУВЧИЛАРДА КАТТА ҚИЗИҚИШ УЙҒОТДИ


Инсон камолотида таълим-тарбиянинг ўрни жуда муҳим. Ўқувчига тўғри йўл кўрсатиш, сифатли таълим –тарбия бериш, билимларини мустаҳкамлаш, уларнинг маънавий савиясини юксалтириш, маънан ва жисмонан соғ­лом, баркамол авлод қилиб тарбиялаш бугунги кунда ҳар бир ўқитувчи-устознинг касбий бурч ва масъулиятидир.

Мана яқинда барча умумтаълим мактабларида  “Сўнгги қўнғироқ” битирув кечаси онлайн тарзда ўтказилди. Ўқувчилар она мактаб қучоғидан дадил ва шахдам қадамлар билан янги ҳаёт остонасига қадам қўймоқдалар. Уларнинг қай бирлари касб-ҳунар эгаллайди, кимлардир олий таълим муассасаларига ўқишга ҳужжат топшириб, талаба деган номга сазовор бўлади. Аммо, нима бўлганда ҳам ҳар бир битирувчининг бандлиги тегишли соҳа раҳбарлари ҳамда ота-оналар томонидан доимий назоратга олинади.

Мен Нукус шаҳридаги 37-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ўзбек тили фанидан ўқувчиларга дарс бериб келаман. Ўқувчиларга фаннинг сир-асрорларини ўргатиш, улар билан ахборот технологиялари асосида машқлар бажариш, хар хил замонавий методлардан фойдаланиб дарс ўтиш менга завқ бағишлайди. Улардаги илмга бўлган иштиёқ ва қизиқишни кўриб, бу масканда билимли, зийрак, фаол ёшлар таълим-тарбия олаётганига амин бўласиз. Маълумки, карантин туфайли  юртимиздаги барча умумтаълим мактабларида ўқув йилининг 4-чораги онлайн тарзда олиб борилди. Бу каби дарс жараёни дастлаб нафақат ўқувчиларда, балки, ўқитувчиларда ҳам бироз қийинчилик туғдирган бўлса, кейинчалик бу энг самарали ва оператив усул эканлигини англаб етдик.

Бугунги кунда мактабимизда жами 2465 нафар ўқувчиларга 170 дан ортиқ ўқитувчи-педагоглар таълим –тарбия бериб келмоқда. 2019-2020 ўқув йилида мактабни 162 нафар ўқувчи тамомлаган бўлса, шундан 26 нафари олтин медал билан тугатди.  Таъкидлаш жоизки, мактабимизда фан олимпиадалари, билимлар беллашуви ҳамда турли хил танлов ва спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритаётган ўғил-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Жумладан,  мактабимизнинг  9-синф ўқувчиси А.Бекпулатов “Камолот юлдузи”  республика танловида фортепиано бўйича 1 ўринни қўлга қиритди. Инглиз тили бўйича ўтказилган Халқаро олимпиадада Б.Абдимуратова 1 ўринни ҳамда Р.Сипатдинова 2 ўринни эгаллади. Эътиборлиси, уларга Англиянинг Edinburg, Chester университетларига ўқишга кириш учун имтиёз берилди. Физика фанидан ўтказилган онлайн  олимпиадада 11-синф ўқувчиси А.Жолимбетова  мамлакат босқичида яхши натижаларга эришди. Шунингдек, жорий ўқув йилида мактабимиз битирувчилари Тё Валерий ва Малика Жандуллаева Варшава шаҳридаги Дипломатия университети талабаси бўлди. Бу каби ютуқларни мактабимизнинг ҳар бир ўқувчиси мисолида гапиришимиз мумкин.

Мана жорий ўқув йили ҳам тугалланди. Эндиликда ўқувчилар ўз оилалари, ота-оналари бағрида бўладилар. Ҳозирги карантин шароитида мактабимиздаги тўгараклар фаолияти ҳам онлайн тарзда амалга оширилиши белгиланган. Шунингдек, биз ўқувчиларнинг ота-оналари билан ҳам тез-тездан суҳбатлар олиб боришни мақсад қилганмиз. Ўйлаймизки, ўқувчиларнинг ёзги таътили мароқли ўтади.

М.Аширова,

Нукус шаҳар 37- сонли ихтисослаштирилган Давлат умумтаълим мактабининг ўзбек тили фани ўқитувчиси.