Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги берган маълумотларига қараганда, 2019-2020 ўқув йилида Халқ таълими вазирлигига қарашли 726 та умумтаълим мактабларида 344 минг 42 нафар ўқувчи таълим олган. Шундан ўзбек тилида таълим оладиган 149 минг 395, рус тилида 40 минг 602, қорақалпоқ тилида 122 минг 632, қозоқ тилида 21 минг 574 ҳамда туркман тилида 9 минг 839 нафар ўқувчидан иборат 15 минг 657 синф рўйхатга олинган.
2019-2020 ўқув йилида жами 52 минг 242 ўқувчи мактабларни битиради. Шундан 27 минг 329 ўқувчи 9-синф, 24 минг 913 нафари 11-синф битирувчиларидир. Жорий ўқув йилидаги таълим муассасалари битирувчиларига давлат намунасидаги ҳужжатлар электрон шаклда етказилади. Яъни, 50 минг 633 та оддий ҳамда 1 минг 120 та махсус аттестат (шаҳодатнома) электрон тарзда шу йилнинг 15 июнь санасига қадар топширилади. Ҳужжатларнинг асл нусхалари ва 11 –синфни тамомлаётган ўқувчиларнинг намунали хулқи ҳамда аъло баҳолари учун бериладиган олтин ва кумуш медаллари бўлса (177 ўқувчи учун кумуш, 308 ўқувчига олтин медалга буюртма берилган) ҳудудларда эпидемиологик ҳолат яхшиланиб, ўқувчиларга топширилгунга қадар барча хавфсизлик чоралари таъминланган ҳолда умумтаълим мактабларида сақланиб турилади. Олий таълим муассасаларига ҳужжатларни топшириш вақтида битирувчиларнинг шаҳодатномалари сканерланган намунада қабул қилинади.
Мактабларга 1 синф ўқувчиларини қабул қилиш жараёни ҳақида вазирлик қуйидагича маълумот берди: шу йилнинг июль-август ойлари давомида 2020-2021 ўқув йили учун умумтаълим мактабларининг 1 синфига ўқувчиларни қабул қилиш белгиланган тартибда амалга оширилади. Яъни, бу жараён умутаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар доирасида умумтаълим мактабининг педагог ходимлари томонидан болаларни бирма-бир (уйма-уй) рўйхатга олиш орқали амалга оширилади.
Умумтаълим муассасаларининг 1 синфига 6-7 ёшдаги ўғил-қизлар тиббий кўрик натижаларига кўра қабул қилинади. Шу йилнинг 31 августига қадар 6,5 ёшга тўлмаган, 1 синфда ўқишни хоҳловчи болаларнинг ота-оналарига умумтаълим мактабларнинг педагог ходимлари ҳамда психологлари томонидан болани мактабда ўқишга жисмоний ва руҳий томондан тайёрлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади. 6 ёшдаги болаларни 1 синфга қабул қилишда ҳеч қандай тўловлар амалга оширилмайди.
2020 -2021 ўқув йилида 1 синфга жами 37 минг 335 ўқувчи қабул қилиниши режалаштирилган бўлиб, уларга ўқув дарсликлари тўпламларини тайёрлаш учун буюртмалар берилган.
Ўқувчиларга ижарага берилган дарсликларни қайтариб олиш, карантин якунлангандан сўнг амалга оширилади.
М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.




