Шу йилнинг 28 май куни Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Олий Мажлис Сенати аъзолари, вазирликлар, идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов очди ва бошқариб борди.
Депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.
Кун тартибида “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосарини сайлаш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Атажан Каримович Ҳамраев бошқа ишга ўтиши муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари лавозимидан бўшатилди. Депутатлар бу ҳақида тегишли қарор қабул қилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 81-моддаси 4-банди ҳамда “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг регламенти тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ Жўқорғи Кенгес Раисининг ўринбосари лавозимига депутатлар орасидан 31-сонли “Ўрта қалъа” сайлов округидан депутат А.Давлетов номзоди тавсия этилди.
Бу бўйича 32-сонли “Қиличбой” сайлов округидан депутат С.Хожамуратова, 46-сонли “Кетенлер” сайлов округидан депутат, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ш.Уснатдинов сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади.
Сессияда “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ 31-сонли “Ўрта қалъа” сайлов округидан депутат Давлетов Атабек Илхамович яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари этиб сайланди. Бу бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Атабек Давлетов сўзга чиқиб, билдирилган катта ишонч учун миннатдорлик билдирди ва ўзининг бор билими, куч-ғайратини юртимиз ривожланиши йўлида сафарбар этишини таъкидлади.
Қайд этилганидек, бугунги кунда юртимизда карантин тадбирларини юмшатиш борасида бир қатор субъектларнинг фаолияти қайта тикланиб, уларга қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, Президентимиз томонидан коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуши ҳамда юртимиз иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида карантин талабларига амал қилган ҳолда уларни босқичма-босқич ишга тушириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш, тадбиркорларга имтиёз ва преференциялар бериш орқали уларга қулай шароитлар яратиш каби кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, сўнгги икки ой давомида Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар, видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилган вазифалар ҳар бир раҳбардан фидойиликни талаб этади. Шундай бўлса ҳам бугунги кунда айрим туманларда тадбиркорлик субъектларига қулай шароитлар яратишда бир қатор камчиликлар ўрин олаётгани танқид қилинди. Шунингдек, қатор тадбиркорлик субъектлари ҳаракатсиз бўлиб, кичик бизнес субъектлари ёпилган.
Шуни таъкидлашимиз керакки, айрим ҳудудларда сектор ва соҳа раҳбарлари томонидан карантин талабларини таъминлашга етарли эътибор қаратилмаяпти. Ўтган бир ҳафтанинг ўзида Нукус шаҳрида, Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа, Шўманой, Амударё, Қўнғирот ва Мўйноқ туманларда карантин талабларининг бузилиши, ҳаттоки, автотранспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ҳолатлари аниқланди.
Шу йилнинг 25 май куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида пандемия шароитида карантин талабларини қатъий таъминлаш, тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қуватлаш, бу масалалар бўйича маҳаллий Кенгашларда ҳокимларнинг ҳисоботларни тинглаш каби муҳим вазифалар белгилаб берилди. Шу мақсадда бугунги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда сессия кун тартибида пандемия даврида тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилди. Бу бўйича депутатлар тегишли қарор қабул қилди.
Сессияда Жўқорғи Кенгес Президиумининг сессиялар оралиғида қабул қилинган қарорларни тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунинг билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари тўртинчи сессияси ўз ишини якунлади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.



