Элликқалъа тумани “Гулдирсин” ОФЙ да жойлашган “Дошқалъа илғори” фермер хўжалигида 2020 йил ҳосили учун экилган пахта майдонларини суғориш тадбирларининг тез ва сифатли олиб борилишига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Сув хўжалиги вазирлиги, туман ҳокимлиги мутахассислари, сектор раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги ходимлари иштирок этди.
Туман бўйича 10740 гектар ерга пахта экилган бўлиб, ҳозирги кунда ушбу майдонларни суғориш учун рўйхат ишлаб чиқилган. Сувдан оқилона фойдаланиш мақсадида навбатма навбат ҳамда кўчма эгилувчан сув қувурлари ёрдамида суғориш ишлари олиб борилади.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари С.Хожаметов, Сув хўжалиги вазири ўринбосари А.Реимбаев, туман ҳокими С.Авезов ва бошқалар сўзга чиқиб, пахтанинг асосий агротехник тадбирларидан бири бўлган суғориш ишларини сифатли бажаришга катта эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
2020 йил ҳосили учун экилган пахта майдонларини суғориш ишларида фермер хўжаликларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда олинган сувни биринчи навбатда пахта далаларини суғоришга йўналтириш мақсадида 17 отряд ташкил этилган. Уларга сув ва фермер хўжаликларидан масъул ходимлар бириктирилган. Суғориш ишларида қатнашаётган сувчилар керакли анжомлар ( белкурак, кетмон, этик, фонар) билан таъминланган.
Семинарда суғориш ишларини натижали олиб бориш бўйича фикр ва таклифлар билдирилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.




