Элликқалъа туманидаги “Қирққиз” овул фуқаролар йиғини ҳудудида “ВЕСТ СИЛК ВОРМ СЕЕД ПРО” масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини бошлади.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан туман ҳокими С.Авезов ҳамда бошқалар таъкидлаганидек, мамлакатимизда пиллачилик соҳасини ривожлантириш, пилла етиштириш ва уни қайта ишлаш жараёнида замонавий ва инновацион технологияларни жорий этиш, пилла маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг экспорт ҳажмини кенгайтириш, тармоққа хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Аммо, ихтисослаштирилган маҳаллий ипак қурти ишлаб чиқарувчи корхоналар технологияларининг эскиргани, улар томонидан тайёрланаётган ипак қурти уруғи бир неча йилдан буён бир авлодга мансублиги, наслли дурагай навлар яратиш борасида изланишлар олиб борилмагани пилланинг сифатига ҳам, ҳосилдорликка ҳам салбий таъсир кўрсатиб келганлиги сир эмас.
Пилланинг сараланган уруғларини ўзимизда тайёрлаш соҳанинг ривожланишида катта аҳамият касб этади. Элликқалъа туманида иш бошлаган мазкур корхона бу борада қўйилаётган амалий қадам бўлди.
Жорий йилда Хитой Халқ Республикасидан келтирилган 200 қути “Элита” пилла уруғи тумандаги 250 нафар касаначи ва фермерга тарқатилди. Янгидан ташкил қилинган жамият томонидан 10 минг қути сараланган пилла уруғи етиштирилади. Бу эса, республикамизнинг барча туманларини сифатли уруғ билан таъминлаш имконини беради.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилган жамиятда 50 нафар доимий, 150 нафар мавсумий ишчиларнинг бандлиги таъминланди. Тажрибали хитойлик мутахассислар томонидан ишчи-хизматчиларга пилла уруғи тайёрлаш технологияси мукаммал ўргатилди. Яқин келажакда бу ерда 20 минг қутидан кўпроқ ипак қурти уруғи тайёрланади ва уни сотиш эвазига маҳаллий бюджетга қўшимча даромад киритилади.
Тадбир якунида ишчи-хизматчиларга туман ҳокимлиги ва жамият томонидан тайёрланган қимматбахо совғалар топширилди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси. –




