Юртимизда етиштирилаётган маҳсулотлар экспорти ҳисобидан давлат бюджетига валюта келиб тушишини таъминлаш бугунги кунда муҳим аҳамиятга эга. Бу борада тадбиркорлик субъектларига божхоналарда кенг қулайликлар яратилган бўлиб, экспорт ва импорт товарларнинг қисқа фурсат ичида ҳеч қандай тўсиқларсиз божхона расмийлаштирилишидан ўтиши қўл келмоқда.
Божхона бошқармаси маълумотларига қараганда, бошқарманинг “Тўрткўл” ташқи иқтисодий божхона постида шу йилнинг январь-май ойларида 16 миллион 594 минг АҚШ доллари миқдоридаги 32 минг 386 тонна товарлар экспорти амалга оширилган. Яқинда жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган бинога кўчиб ўтган бу пост ходимлари томонидан 80 дан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига ўз ишларини амалга оширишларида яқиндан ёрдам кўрсатилган.
Масалан, тумандаги “TO’RTKO’L SHISHA IDISHLARI” МЧЖ томонидан ўтган давр мобайнида деярли 191 минг АҚШ доллари миқдоридаги 779 тонна шиша идишлари экспорт қилинган. Корхона маҳсулотлари Туркманистон, Россия, Грузия каби давлатларга экспорт қилинмоқда.
Корхона яқин келажакда ташқи бозорларга чиқиши учун шартномага эга бўлди. Маҳсулот ҳажмини ошириб, янги иш ўринларини яратиш борасида чоралар кўрилмоқда.
Ушбу корхонага ўтган йиллар давомида саноатни ривожлантириш мақсадида Хитой ва Россия давлатидан келтирилган замонавий ускуналар учун божхона тўловларидан 7,5 миллиард сўмдан ортиқ божхона имтиёзлари қўлланилган.



