ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ МУСА ЕРНИЯЗОВГА


Атоқли жамоат арбоби, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси — Ўзбекистон Республикаси Сенати раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Тажетдинович Ерниязовнинг вафоти ўзбек ва қорақалпоқ ижодкорлари қатори мени ҳам чуқур қайғуга солди. Юрагимдаги ўкинч ва мунг билан шу синовли кунларда оқкўнгил, сабр-бардошли ва матонатли қорақалпоқ халқига, Муса Тажетдинович Ерниязовнинг элдошлари, оила аъзолари ва дўсту биродарларига ҳамдардлик билдираман. 

Юрагимдаги ҳамдардлигимни, Муса оғанинг вафотига бағишлаб ёзган йўқловимни қуйидаги шеърий сатрлар орқали қабул қилгайсиз.

Қайдан келди бу бало, офат,

Кўргандекман гўё ёмон туш.

Юрагимда чуқур жароҳат,

Ҳалок бўлди бугун бир оқ қуш.

Бир газанда илон чақди, оҳ,

Унинг заҳри тарқамас зинҳор.

Ҳалок бўлди йиқилиб ногоҳ,

Ўзаётган энг зўр оқ тулпор.

Ғамгин боқар осмонда юлдуз,

Нега бу тун зулматли дема.

Етим қолди бепоён денгиз,

Ҳалок бўлди битта оқ кема.

Ўз халқининг умиди эди,

Шамолларда елган бу елкан.

Бугун юрагимни ғам еди –

Жуда улкан, жудаям улкан.

Кўтарсанг-чи, бошингни, сарбон,

Бутун карвон кутади илҳақ.

Бугун эл-юрт қалбида армон,

Йўлбошчисин йўқотди бир халқ.

Оғажоним, илтижом мани:

Ўзи раҳматига олсин Ҳақ:

Денгиз бўлиб оппоқ кемани,

Сўнгги йўлга кузатади халқ.

Рустам Мусурмон,

Қорақалпоғистон халқ шоири.