Тўйлар энди сизни ўйлантирмасин


Тўй. Ўзбек халқининг азалий қадриятларидан бири. Ёқимли ташвиш. Бугунги пандемия шароитида тўйларимиз қандай ва қай кўринишда ўтмоқда? Азалдан тўйни камчиқим ва камхаражат ўтказиш бўйича қанча ҳаракатлар қилинди.

Давлат раҳбарининг ўзи алоҳида эътибор қаратди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида ушбу масала кўриб чиқилди. Афсус, ўзгармадик, ўзгармаяпмиз.  Одамлар орасида икки ёшни бахти ҳақида эмас, кўпроқ моддий тарафини ўйлаш давом этмоқда. Тўғриси, агар коронавирус инфекцияси юртимизга бостириб келмаганида, тўйларимиз кульминацион нуқтага чиқиш арафасида эди. Оилавий ажримларнинг сабаби ҳам кўпинча моддий тарафга бориб қадалмоқда.

Яқинда бир танишимиз тўй қилди. Карантин муносабати билан тўйга бора олмасак-да, чин дилдан ёшларга бахт тиладик. Телефонда келинни қўлидан чой ичишга чақиришганида, шу баҳона тўй тафсилотлари,  қандай ўтганига қизиқдим.

— Тўйларни катта тўйхоналарда ўтказиш, қўшиқчиларни чақириш, тўйхоналарни безаш, қиммат машиналарда юриш урфга кириб қолган эди. Тўғри, ҳамманинг орзу ҳаваси бор. Лекин орзу ҳавас қилишда вазиятга ҳам қараш керак. Касалхоналарда қанча беморларимиз ётибди. Қанчадан қанча фуқароларимиз юрт тинчлиги, саломатлиги йўлида меҳнат қилмоқда. Шундай вазиятда дабдабали тўй қилиш ярашмайди ва бу жуда хунук ҳолат ҳисобланади, — дейди Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида яшовчи Сабоҳат Дорипова.

— Тўй юрт тинчлигида, тўкинлигида, хотиржамликда  ўтказилса файзли бўлади. Бир икки соатли маросим учун топган тутганини бирдан сочиб юбориш одатини йўқотишимиз керак. Бизнинг оила рўза ойида тўй қилди. Маҳалла фаоллари билан келишилган ҳолда яқин қариндошлар даврасида ўтказдик. Ортиқча дастурхон тузаш, исрофгарчилик, пул қистириш каби одатларга йўл қўймадик. Унинг ўрнига маҳалладаги қийналган оилаларга эҳсон қилдик. Бизнинг бу одатимизни хушламаганлар ҳам бўлди. Ўзингиз ўйланг, тўй дабдабабозлик эмас, балки хайр эҳсон тўйи бўлса, қанча кўнгилларни обод этган бўламиз. Ҳозирги кунда ҳам тўйлар уйда бўлса-да, уйларни ортиқча жиҳозлаш, кўп хонандаларни чақириш ҳолати давом этмоқда. Одамларнинг гапларига,  орзу ҳавасга берилиб топганингизни ортиқча нарсаларга сарфламанг. Унинг ўрнига хайрли  савобли ишларни қилайлик. Шундагина юртимиз тинч, кўнглимиз хотиржам бўлади.

Дарҳақиқат шундай. Қачонки, одамларнинг қарашлари, фикрлари ўзгаргандагина биз яна оддийликга ўргана бошлаймиз. Оила муқаддас даргоҳ. У ишонч, садоқат, муҳаббат, меҳр асосида шаклланади. Тўй эса ана шу қўрғоннинг бошланиши. Илк қадамнинг ҳалоллик ва яхшилик билан бошланиши доим хайрли бўлган.

Ҳилола Иброҳимова,

Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази мутахассиси.