БАРЧАМИЗНИ ЯНАДА ФИДОЙИЛИККА ЧОРЛАМОҚДА


Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини жуда катта қизиқиш билан тингладик. Муҳтарам Президентимиз мустақилликнинг қўлга киритилиши осон бўлмаганлиги, бунда Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг тутган ўрни ва халқимизнинг беқиёс жасорати ва матонатини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Президентимизнинг «Биз қандай таҳликали ва суронли даврларни бошимиздан кечирмайлик, қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлмайлик, мус­тақиллик ғояси, истиқлол руҳи бизга доимо тоғдек таянч бўлмоқда.» деган фикрлари барчамизни юртимизни севишга, ардоқлашга, мустақиллик деб номланган буюк бойлигимизни янада асраб-авайлашга ундамоқда.

Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” иборасининг мазмунига тўхталиб ўтиб, бу ибора кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофи эканлигини таъкидлади.

 Ўзбекистонда янги бир уйғониш-Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётганлигини эътироф этиб, бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмаслигини айтиб ўтди.

 Тўғри, юқоридаги фикрлар бежизга эмас, чунки, кейинги 3-4 йил ичида халқимиз ўз фикрини эркин сўзлаб, эркин мулоқот қилмоқда, сайловчи сифатида ҳам ўзлари сайлаган депутатларга эркин мурожаат қилмоқда.

 Президентимиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясининг халқимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида кенг тўхталиб, шу ғоя  асосида халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, инновацион тараққиёт борасида муҳим қадамлар билан бораётганлигимизни таъкидлаб,  ёшларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ташаббускорлик, фидойилик, аҳлоқий фазилатларни шакллантириш- бугунги кундаги муҳим вазифалардан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.

 Бугунги кундаги пандемия сабабли қийин аҳволда қолган фуқаролар ҳакида  «Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди» дея фикр билдирди.

Шу кунгача пандемия ­шароитида ижтимоий ёрдамга муҳтож, кам таъминланган оилаларга бир қатор моддий ёрдамлар тизимли равишда кўрсатилиб келинмоқда. Жорий йилнинг 26 август куни Президентимиз томонидан қабул қилинган «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳам миллатимизга хос бўлган юксак қадриятларимизнинг яна бир кўриниши бўлди.

Юртбошимизнинг иқтисодиётимиз ривожи, фарзандлар камолоти, ёшлар тарбияси, илм-фан, маънавий юксалиш ва ­бошқа долзарб масалалар бўйича фикрлари-келажагимиз пойдеворининг янада мустаҳкам бўлишларида катта аҳамиятга эга.

Президентимиз ўз нутқида ушбу масалани ҳам алоҳида таъкидлаб, кам таъминланган оилаларда камол топаётган қизларимизнинг билим олиш имкониятини кенгайтириш учун ўқув йилида олий таълим даргоҳларининг кундузги бўлимларига қизларимиз учун давлат гранти асосида 940 та қўшимча ўрин ажратилганлигини қайд этди.

Ҳақиқатан ҳам, юртимизда аёлларнинг билим олишларига қаратилган юксак эътибор, қанчадан-қанча оилалар учун, аёлларимиз, қизларимиз учун катта имконият эшикларини очиб бериши аниқ.

 Чунки, ўтган йилларда фаолиятимиз давомида уйма-уй юриб, аҳолининг муаммоларини ўрганганимизда, оилавий шароити сабабли қизларини ўқита олмаган ота-оналар билан суҳбатлашардик. Бугун уларнинг орзулари рўёбга чиқаётганлиги барчамизни қувонтирмоқда.

Ҳар қандай инсон ўқиб, билим олиб, олий маълумотли бўлиб, жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшгиси келади. Айниқса, аёл-қизларимиз билимли бўлса улар келажакда фарзанд­ларига яхши тарбия бериб, шу орқали жамият равнақига ўз ҳиссасини қўшади.

 Шундай экан, муҳтарам ­Президентимизнинг ушбу ташаббуси, бевосита юртимиз келажагининг равнақ топишига, фарзандлар камолотига катта таъсир кўрсатишини ҳисобга олган ҳолда, узоқни кўра билганлигини фахр билан эътироф этгимиз келади.

 Юксак маънавият мустақил юртимизнинг порлоқ келажагини таъминлашда муҳим ўрин эгаллаши, “Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси” доирасида умумтаълим мактабларида биринчи марта “Тарбия” фанининг жорий этилганлигини ҳам таъкидлаб ўтди, шунингдек,  бу йил 21 ­октябрь – Ўзбек тили байрами куни бутун мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланиши аҳамиятлидир.

Президентимизнинг юртимизда яшаб меҳнат қилаётган, ўз ишини виждонан ва ҳалол бажараётган юртимиз фидойиларига, келажагимиз бўлган ёшларга билдирган самимий миннатдорчилиги ҳар биримиз учун катта аҳамиятга эга, шунингдек, барчамизга билдирилган юксак ишонч эканлигини ҳам ҳис этдик.

Тажибай Романов,

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.