МУҲИМ ТАШАББУСЛАР ИЛГАРИ СУРИЛДИ


23 сентябрь куни мус­тақил Ўзбекистон тарихида яна бир муҳим воқеа юз берди. Муҳтарам Президентимиз БМТ Бош ­Ассамблеясининг 75-сессиясида, яъни БМТ минбарида илк бор ўзбек тилида нутқ сўзлади. Албатта, бу барча ватандошларимиз қалбида ғурур ҳиссини уйғотгани шубҳасиз.

Шу билан бирга Давлатимиз раҳбари ўтган галгидек бу сафар ҳам бир қатор муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.  Муҳтарам Президентимиз 2017 йил сентябрда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ҳам қатор муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурган эди.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқи аввалида коронавирус пандемияси шароитида, бутун дунё давлатлари ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириши зарурлигини, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этди.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбари ўз нутқида сўнгги йилларда Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик масалаларида жуда катта ютуқларга эришилаётганини алоҳида таъкидлаб, ушбу ютуқларни янада ривожлантириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очишни таклиф қилди. Бу эса ўз навбатида минтақа давлатларининг иқтисодий ўсишига замин яратади. Шу билан бирга Президентимиз ўз нутқида 2021 йилда  ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусида хал­қаро форумни ўтказишга тайёрлигини билдирди. Албатта бизнинг минтақамиз, хусусан Ватанимизнинг бутун дунё цивилизациясига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Мазкур форум эса бутун дунё диққатини яна бир бор минтақамизга қаратиш, юртимизнинг бой маданий меросини тарғиб қилиш ва маданий алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этиши сўзсиз.

Муҳтарам Президентимиз бундан уч йил аввал бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида бутун дунё эътиборини Орол фожиасига қаратган эди. Бу гал ҳам ушбу масалага алоҳида тўхталди. Давлатимиз раҳбари Орол­бўйи ҳудуди экологик фожианинг марказига айлангани, унинг оқибатларини бартараф қилиш учун давлатимиз ҳамда Халқаро ҳамжамият томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида айтиб ўтди. Шунингдек, бу борадаги ишларни янада кучайтириш мақсадида Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни ҳамда ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлашни таклиф этди.

Гувоҳи бўлганимиздай, Давлатимиз раҳбари ўз нутқида глобал аҳамиятга эга яна бир қатор таклиф ва ташаббусларни билдирди. Мазкур ташаббуслар амалга ошишига ишончимиз комил.

Тажибай Романов,

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси маслаҳатчиси,Жўқорғи Кенгес депутати.