Сенатор жойлардаги лойиҳалар билан танишди


Бугун юртимизнинг ҳар бир ҳудудида амалга оширилаётган ўзгариш ва бунёдкорликлар, соҳалардаги кенг қамровли ислоҳотлардан кўзланган мақсад, аҳоли фаровонлигини ошириш, уларга муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратишдан иборат. Маълумки,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги қарорида бир қатор вазифалар белгиланган.

Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, Б.Матмуратов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмитаси раиси Ш.Атаниязовлар Тўрткўл туманида бўлиб, ҳудуд аҳолисининг яшаш шароити,  туманда амалга оширилаётган бунёдкорлик  ишлари ҳамда янгидан қурилаётган  бир нечта объектлардаги иш жараён­лари билан танишдилар.

Дастлаб  улар  «XAMZA TURTKUL» масъулияти чекланган жамиятининг  Савдо комплексини ташкил этиш борасидаги лойиҳаси билан танишди.

Сенатор тадбиркор билан қурилиш ишларининг бориши, бу жараёнда учраётган муаммолар юзасидан суҳбатлашди. Ушбу савдо мажмуаси икки қаватдан иборат бўлиб, лойиҳа 2020 йилнинг декабрь ойи якунига ишга туширилиши режалаштирилган. Қиймати 5  млрд. сўмлик савдо мажмуасининг  ишга туширилиши натижасида 20 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Шундан сўнг, тумандаги «MUSTAFA FARM» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган  Маиший хизмат кўрсатиш объекти лойиҳаси билан танишдилар.

Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикаси  Давлат хизматлари Тўрткўл туман бўлими томонидан 80 та хизмат тури кўрсатиб келинмоқда. Давлат хизматлари Тўрткўл туман бўлимининг янги биноси  ишга тушиши натижасида фуқароларга кўрсатиладиган имкониятлар сони ва сифати янада ортади. Ушбу лойиҳа 2021 йилнинг март ойида ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, лойиҳа амалга ошиши натижасида 5 та янги иш ўринлари яратилади.

Айни пайтда туманда қишлоқ хўжалиги, қолаверса чорвачилик соҳасидаги ислоҳотлар натижасида ҳам янги иш ўринлари яратилмоқда. Жумладан, тумандаги  «DAVRONBEK AKBAR CHORVASI» МЧЖ томонидан 1 млрд. сўмлик лойиҳа амалга оширилиши натижасида янги иш ўринлари яратилади. Ушбу лойиҳа жорий йилнинг ­ноябрь ойида ишга туширилган бўлиб, ҳозирда хўжаликка  31 бош қорамол олиб келинган.

Бугун компьютер асрида китоб ўқиш ва китобхонликни тарғиб қилишга катта аҳамият қаратилмоқда.

Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Б.Матмуратов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмитаси раиси Ш.Атаниязовлар туман марказидан анча олисда жойлашган “Пахтаобод” ОФЙ ҳудудидаги 48-сонли ва “Ёнбошқалъа” ОФЙ ҳудудидаги 39-сонли умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчи ва ўқитувчилари билан учрашдилар.

Учрашувда ёшларнинг бугунги кундаги қизиқишлари, ташаббус ва таклифлари ўрганилди. Китобнинг инсон ҳаётида тутган ўрни, аҳамияти, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан китобхонликни кенг тарғиб этиш ва китоб ўқиш маданиятини шакллантириш, ёшларга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, мактаб кутубхоналарига бадиий китоб­лар совға қилинди.

Шундан сўнг, “Ёнбош­қалъа” ОФЙ ҳудуди аҳолиси  билан учрашув ўтказилиб, уларни қийнаб келаётган муаммолар ўрганилди

Жумладан,  ичимлик суви, электр энергияси, ­суюлтирилган газ баллонлари етказиб бериш бўйича масалалар кўрилиб, ­жойида ҳал қилинди. Вақт талаб қилинадиган мурожатлар эса назоратга олиниб, тегишли корхона ва ташкилотларга кўрсатмалар берилди.

Дарҳақиқат, инсон борки интилади, изланади, яхши яшашга ҳаракат қилади. Зеро, юртимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида ҳам инсон манфаати ҳамма нарсадан устун деган ҳаётбахш тамойил ўз ифодасини топган.

Феруза Нуруллаева.