Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги Фармонида назарда тутилган вазифалар ҳамда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ва бошқа Давлат дастурлари ижроси юзасидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси вакиллари иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри, Мўйноқ ва Хўжайли туманларида жамоатчилик мониторинги тадбирлари ўтказилди.
Мониторинг давомида ижтимоий инфратузилма объектларининг барпо этилиши масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, Мўйноқ туманининг “Бозатау” ОФЙ ҳудудида барпо этилган “Оқ кема” номли замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳида амалга оширилган ишлар чуқур ўрганилди.
Бўш турган 12,7 гектар майдонда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Оқ кема” номли замонавий болалар оромгоҳи ва соғломлаштириш маркази қуриб битказилиб, 2020 йил 15 июнь куни фойдаланишга топширилган. Бунинг учун 36 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Оромгоҳ ҳар бир навбатда 250 нафар болани қабул қилишга мўлжалланган. Бу ерда болалар ётоқхонаси, футбол, баскетбол, волейбол майдончалари, сузиш ҳавзаси болалар хизматида. Стол тенниси, шахмат-шашка ўйинлари учун махсус жойлар ажратилган. Маданий тадбирларни ташкил қилиш учун амфитеатр, кутубхоналар мавжуд. Тиббиёт хоналари, ошхона замонавий ускуналар билан таъминланган.
Шунингдек, марказ атрофи ободонлаштирилиб, 5 гектар майдонда 5000 га яқин мевали ва манзарали дарахтлар экилган.
Мониторинг доирасида Хўжайли тумани Мактабгача таълим ташкилотига қарашли нодавлат хусусий шериклик асосидаги «Hodjeyli baby garden» болалар боғчаси фаолияти билан ҳам танишилди.
Мактабгача таълим ташкилоти 75 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда 21 та янги иш ўрни яратилган. Муассасада болаларга дарслар инновацион технологиялар асосида ўтилади. Боғчадаги таълим тарбия жараёнини ота-оналар телеграм канали орқали кузатиб бориш имкониятига эга. Боғчада болаларга жисмоний тарбия дарслари ва машқларни ўтиш учун битта зал бўлиб, бу болалар учун торлик қилмоқда, қўшимча яна бир залга зарурат мавжудлиги аниқланди.
Мониторинг тадбирлари давомида ишчи гуруҳи Нукус шаҳридаги 2-сонли Нукус тиббиёт коллежи фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу коллеж Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги Фармонига асосан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига ўтказилган.
Ишчи гуруҳ бу ерда талабаларга дарс бериш, ётоқхоналарда яратилган шароитларга ҳам эътибор қаратди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида Хўжайли тумани Транспорт касб-ҳунар коллежи келгусида профессионал таълим тизимида фаолият юритадиган касб-ҳунар мактаби сифатида қайта ташкил қилинган ва ушбу коллеж негизида Хўжайли тумани Транспорт касб-ҳунар мактаби ташкил этилган.
Бугунги кунда мазкур касб-ҳунар мактабида эски коллеж даврида фойдаланилган ўқув жиҳозлари ва қўлланмаларидан фойдаланилиб келинмоқда. Касб-ҳунар мактабида амалий машғулотлар ўтказиш учун зарур ўқув жиҳозлари, моддий-техник базаси ва ўқув методик қўлланмаларини янгилаб бориш тизимини йўлга қўйиш лозим.
Мазкур касб-хунар мактаби 540 ўринга мўлжалланган.
Шунингдек, мониторинг доирасида арзон уй-жойлар қуришни изчил давом эттиришга қаратилган вазифалар ижроси, хусусан, оғир турмуш шароитидаги, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш ҳамда уй-жойларни қуришда қурилиш материалларини мақбул, арзон ва сифатли қурилиш материалларига ўзгартириш, замонавий ва энергия тежамкор қурилиш материалларидан фойдаланиш ҳисобига нархларни пасайтиришга доир ишларнинг амалга оширилиши ҳам ўрганилди.
Шунингдек, Мўйноқ туманидаги аэропортни қайта қуриш ва реконструкция қилиш ишлари кўздан кечирилди.
Мўйноқ аэропорти 1947 йилда қурилган бўлиб, у 3-тоифага эга аэродром сифатида «Ан-24», «Як-40» ва бошқа енгил самолётларни ва барча турдаги вертолётларни қабул қила олган.
Жорий йилда Ўзбекистоннинг энг шимолий аэропорти — “Мўйноқ” — қайта қурилиб ва таъмирланиб, янги кўринишда ишга туширилган. 26 август куни ушбу аэропортга Тошкентдан йўловчи парвозини амалга оширган Airbus А-320 самолёти қўнган.
Жамоатчилик мониторинги тадбирлари давомида аниқланган белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида сифатли амалга оширилмаётганлиги, жумладан, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни сифатли ва арзон уй-жойлар билан таъминлаш, ўқувчиларни касбга тайёрлаш, бюджет маблағларининг сарфланишидаги камчиликлар республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотларнинг тўлиқ амалга ошишига тўсқинлик қилади.
Мониторинг давомида аниқланган муаммоларнинг ечими бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Тажибай Романов,
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раиси.
Жўқорғи Кенгес депутати.



