ТАХИАТОШ ТУМАНИ:
Тахиатош туманида Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги XVII сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, тумандаги 4 та сектор раҳбарлари, туман Кенгаши депутатлари, ҳоким ўринбосарлари, тегишли муассаса ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Сессияда туман ҳокими Илҳом Маткаримов 2020 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва келгуси йилга белгиланган режалар хусусида халққа мурожаат қилди.
Жумладан, Президентимизнинг шу йил 2 октябрдаги республикамизга ташрифи давомида белгилаб берилган вазифалар ва давлатимиз раҳбарининг 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида туманда амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, туманда пандемиянинг салбий оқибатларига қарамасдан ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг белгиланган прогноз кўрсаткичларига эришиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилган. Жумладан, шу йилнинг ўтган ўн ойи давомида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 1 триллион 318,0 млрд. сўмни, ўсиш кўрсаткичи 142,8 фоизни ташкил этади. Шунингдек, 2021 йилда 1 трлн. 737 млрд. сўмлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш режалаштирилган. Қишлоқ хўжалиги, қурилиш ишлари, хизмат кўрсатишнинг самарадорлигини ошириш юзасидан ҳам режалар тузилган.
Шу билан бирга барча йўналишлар бўйича амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, айниқса, мухандислик – коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш (газ, электр энергияси ва иссиқлик таъминотини яхшилаш) бўйича амалга оширилган лойиҳалар, жалб қилинган инвестициялар, тўғридан-тўғри жалб этилган инвестициялар ҳажми, яратилган иш ўринлари, фойдаланишга топширилган лойиҳаларнинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари, жумладан, бюджет даромадларининг ортишига қўшган ҳиссаси ва натижалари батафсил қайд этилди.
Шунингдек, ижтимоий соҳа “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилганларни ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.
Туманда Халқ таълими бўлимига қарашли 23 та таълим муассасаси бўлиб, шундан 22 таси умумий ўрта таълим мактаби саналади (биттаси Баркамол авлод болалар маркази). 2019-2020 ўқув йилида жами 882 нафар ўқувчилар умумтаълим мактабини тамомлаган ва шундан 780 нафари олий ва ўрта махсус таълим даргоҳларига ўқишга ҳужжат топширган. Битирувчиларнинг 95 нафари (10,8 фоизи) олий ўқув юртига (15 нафари давлат гранти, 80 нафари шартнома асосида) ўқишга қабул қилинган. 92 нафари техникум ва касб-ҳунар коллежларига ўқишга қабул қилинган. 20 нафар ёшлар иш билан таъминлангани таъкидланиб, ҳозирги кунда 675 нафари ишсиз эканлиги қатъий танқид остига олинди.
Сессияда Олий Мажлис Сенати аъзоси У.Жалменов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Л.Сейтова сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг ижросини таъминлаш борасида ўз фикр-таклифларини билдиришди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди. Шундан сўнг туман болалар мусиқа ва санъат мактабида туманда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.
ЭЛЛИКҚАЛЪА ТУМАНИ:
Шу йилнинг 15 декабрь куни Халқ депутатлари Элликқалъа туман Кенгашининг навбатдаги ўн олтинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессия иштирокчилари дастлаб ҳокимлик фойесида туман ҳунармандлари, тадбиркорлар ва саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди.
Кун тартибидаги 2020 йилда амалга оширилган ишлар якуни, келгуси 2021 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари бўйича туман ҳокими С.Авезовнинг мурожаати тингланди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган даврида туманда барча соҳаларда белгиланган режаларнинг ижроси таъминланишига эришилди. Жумладан, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 297,4 миллиард сўмни (106,8 фоиз), аҳоли истеъмоли товарларини ишлаб чиқариш ҳажми 162,8 миллиард сўмни (113,3 фоиз), ҳудудий саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 247,5 миллиард сўмни (100,2 фоиз), ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 549,5 миллиард сўмни (115,6 фоиз) қурилиш ишлари ҳажми 170,1 миллиард сўмни (100,8 фоиз), чакана савдо ҳажми 359,1 миллиард сўмни (101,5 фоиз), жами кўрсатилган хизматлар ҳажми 162 миллиард сўмни (103,3 фоиз) ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 1 триллион сўмни (103,4 фоиз) ташкил этди.
Жорий йилда туманда умумий баҳоси 159 миллиард 884 миллион сўм бўлган 35 та ҳудудий инвестиция лойиҳаси амалга оширилган бўлиб, уларнинг ишга туширилиши натижасида 700 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Жумладан, инвестиция дастурлари асосида 91,5 гектар замонавий иссиқхона ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, шундан жорий йилда 7 гектар иссиқхона фойдаланишга топширилди. Туманда замонавий гидропоника усулида полиз маҳсулотларини етиштирувчи иссиқхоналар 11 гектарни ташкил этади.
Туманда ҳозирги вақтда 50 ўринга мўлжалланган меҳмонхона, учта қора уй (ўтов), ресторан ва бошқа хизматлари мавжуд дам олиш масканлари фаолият юритмоқда. Бундан ташқари туман ҳудудидаги зиёратгоҳ ва қалъаларга ҳар йили 10 мингдан зиёд сайёҳлар ташриф буюради.
Ўтган йили 3,4 миллион долларлик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, жорий йил давомида 7,47 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Бугунги кунда туманда 1400 та субъект фаолият юритаётган бўлса, шундан саноат корхонаси 207 тани ташкил этади. Давлат улуши бўлган бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш мақсадида 9 та объектнинг хусусийлаштирилиши ҳисобидан 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Жорий йилда 31 та умумтаълим мактаби 445 та янги замонавий компьютер жамланмаси билан таъминланди. Шунингдек, 3 та умумтаълим мактабида 7453,4 миллиард сўмлик капитал реконструкция ишлари, 1 та мактабгача таълим ташкилотида 2330 миллион сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилди. Элликқалъа овулида ўтган йили қўшимча дастур асосида иккита 4 қаватли турар жойнинг қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
“Темир дафтар”га китирилган оилаларнинг жами 2585 нафар меҳнатга лаёқатли аъзоларидан бугунги кунга қадар 2572 нафари ишга жойлаштирилди. Шунингдек, “Аёллар дафтари” га киритилган 600 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Б.Матмуратов қатнашди ва нутқ сўзлади.
Сессия кун тартибида кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Сессиядан сўнг матбуот анжумани ўтказилиб, унда 4 та сектор раҳбарлари оммавий ахборот воситалари ва блогерлар томонидан берилган саволларга жавоблар беришди.
ҚОРАЎЗАК ТУМАНИ:
Яқинда Халқ депутатлари Қораўзак тумани Кенгашининг навбатдаги йигирма бешинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Қораўзак туманини 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ва 2021 йил учун белгиланган вазифалар ҳақида туман ҳокими У.Ўтамбетовнинг туман халқига мурожаати тингланди.
Таъкидланганидек, туманда барча заҳиралардан, инвестициялардан самарали фойдаланиш, муҳандислик-коммуникация соҳасини модернизация қилиш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, саноат маҳсулотларини кўпайтириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш бўйича қабул қилинган фармон, қарор ва топшириқлар ижроси натижасида қатор ижобий натижаларга эришилмоқда.
Жумладан, шу йилнинг 10 ойи давомида ҳудудий саноат маҳсулотларининг миқдори ўтган йилга таққослаганда 139,6, истеъмол товарлари 101,0, ҳудудий саноат маҳсулотлари ҳажми 117,4, қурилиш 100,3, хизматлар миқдори 102,1 фоизга ўсиши таъминланди.
Бутун дунёда юз берган пандемиянинг салбий оқибатларига қарамасдан ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг белгиланган прогноз кўрсаткичларига эришиш бўйича зарур чоралар кўрилди.
Йил якунигача саноат корхоналари томонидан 241,5 млрд сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилишига эришилди ва ўтган йилнинг (2019 йилдан 172,9 млрд сўм) шу даврига нисбатан ўсиш даражаси 109,0 фоизни ташкил этиб, республикадаги улуши 2,2 фоиз бўлди.
Йил давомида аҳолининг турмуш шароити пасайиб кетишига йўл қўймаслик, аҳоли жон бошига тўғри келиши зарур бўлган маҳсулот ва хизматлар ҳажми пасайишининг олдини олиш бўйича ишлар амалга оширилди. Тумандаги 7 та корхона томонидан жами 3,7 млн АҚШ доллари миқдорида хорижий кредитлар ҳисобидан инвестициялар киритилди.
2020 йил давомида 829 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспертга йўналтирилиб, белгиланган режа (728 минг АҚШ доллари) 114 фоизга ортиғи билан бажарилди.
Йил давомида 546 та янги доимий иш ўринларини ташкил этиш белгиланган бўлса, бугунги кунга келиб 649 та янги иш ўринлари яратилди. Бюджет тушумлари бўйича йиллик режа 102,3 фоизга муддатидан олдин ортиғи билан бажарилди.
Қораўзак туманини 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича жами 726 млрд. 832 млн. сўмлик 59 инвестициявий лойиҳалар ишга туширилиши ва келажакда ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида жами 1 минг 134та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.
Бу тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида кейинги йилларда туман инфратузилмаси яхшиланишига, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва аҳолининг турмуш шароитлари янада ошишига эришилади.
Сессияда йўл қўйилган айрим камчиликлар танқид остига олиниб, барча соҳалар бўйича амалга оширилиши режалаштирилган инвестициявий лойиҳаларнинг белгиланган муддатларда бажарилишини назорат қилиш ва бошқа масалалар бўйича фикр таклифлар билдирилди.
Сессия кун тартибида кўрилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Сессия иштирокчилари тумандаги тадбиркорлар, ҳунармандлар, ва деҳқон-фермер хўжаликлари томонидан ишлаб чиқарилган ва етиштирилган маҳсулотлар ярмаркаси билан танишди.
Сессия якунида матбуот конференцияси ўтказилиб, 4та сектор раҳбарлари ОАВ томонидан берилган саволларга жавоб бердилар.
ТЎРТКЎЛ ТУМАНИ:
Тўрткўл туманидаги О.Худойшукуров номли маданият саройида Халқ депутатлари Тўрткўл туман Кенгашининг ўн олтинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда туман ҳокими Р.Шомуродовнинг халққа мурожаати тингланиб, 2020 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ва келгуси 2021 йилда ушбу йўналишда бажарилиши лозим бўлган энг муҳим вазифалар хусусида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, туманда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 2019 йил якуни билан 314,0 млрд сўмни, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 1,5 млрд сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил якуни билан 364,9 млрд сўм (105,9 фоизга) ва аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 1,7 млн сўмга етказилди.
Туманда 4329 та тадбиркорлик субъектлари рўйхатга олинган. Бу йил 395 та тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш режалаштирилган бўлса, январь-ноябрь ойларида 382 та кичик бизнес субъектлари, 402 якка тадбиркорлар янгидан иш бошлади. Туман бюджетига қўшимча 580 млн сўмлик маблағнинг ундирилиши таъминланди.
11 ой давомида туманда аҳоли бандлиги, айниқса хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилди. 2724 нафар ишсиз фуқаролар доимий иш билан таъминланди. 98 нафар фуқаро меҳнат бозорида талаб кучли бўлган касбларга ўқитилди. 202 нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланиб, 1441 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. 3828 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.
Бугунги кунгача «Темир дафтар» даги 2330 нафар ишга муҳтож бўлган фуқароларнинг 92 фоизи ишга жойлаштирилди.
Туманнинг ўсиш нуқтаси сифатида икки йўналиш яъни шиша ва ойна ишлаб чиқариш ҳамда иссиқхоналар ташкил этиш соҳалари белгиланди. Бугунги кунда ушбу соҳалар бўйича умумий баҳоси 448,9 млрд сўм бўлган 10 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобидан 439 янги иш ўринларини яратиш белгилаб олинди.
Давлатимиз раҳбарининг республикамизга ташрифи давомида белгиланган вазифаларга мувофиқ умумий баҳоси 652,2 млрд сўмлик 84та инвестициявий лойиҳанинг амалга оширилиши ва 1198 та янги иш ўринларининг яратилиши кўзда тутилмоқда.
Сессияда ютуқлар билан бир қаторда айрим соҳалардаги камчиликлар ҳам танқид остига олиниб, фикр-таклифлар билдирилди. Сессия кун тартибида кўрилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессия якунида матбуот конференцияси ўтказилиб, 4 та сектор раҳбарлари ОАВ томонидан берилган саволларга жавоб бердилар.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.




