Нукусда Қорақалпоғистон футбол ассоциацияси томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишларнинг якунига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда маънавий ва жисмоний баркамол авлодни шакллантириш, миллионлар ўйини бўлган ва мамлакатимизда алоҳида ўрин тутадиган спортнинг футбол турига аҳолини, айниқса, ёшларни кенг жалб этиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 4 декабрдаги «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур фармон ижросини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон футбол ассоциацияси томонидан ўтган йилда қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, ихтисослаштирилган спорт мактаблари, шунингдек ҳаваскорлар ўртасида, футзал бўйича қатор мусобақалар ўтказилди. 2007 йилда туғилган болалар ўртасида футзал бўйича Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Спорт мактаблари лигаси»да Қўнғирот тумани жамоаси учинчи, 2008 йилда туғилган болалар ўртасида «Жаҳон футболи куни»га бағишлаб ўтказилган фестивалда болалар-ўсмирлар футбол маҳорат мактаби тарбияланувчилари иштирок этиб, учинчи ўринни эгаллади.
Ўтган йилда 27-Қорақалпоғистон чемпионати «Кушмаг» бренди остида ўтказилиб, унинг ҳудудий босқичларида 21та жамоа иштирок этди. Мусобақа якунида марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси жамоаси биринчи, Тўрткўл тумани жамоаси иккинчи, Нукус тумани жамоаси учунчи ўринни эгаллади.
Қорақалпоғистон кубоги мусобақаси ҳам қизиқарли ўтди. Финалда Нукус давлат педагогика институти жамоасини мағлубиятга учратган Қорақалпоқ давлат университети жамоаси кубок соҳиби бўлди. Фахрийлар ўртасида мусобақанинг Навоий вилоятида бўлиб ўтган ҳудудий босқичида Қорақалпоғистон терма жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, финал босқичига йўлланма олди. Якуний босқичда тўртинчи ўринни қўлга киритди.
2005-2006 йилларда туғилган қизлар ўртасида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган мусобақада Қорақалпоғистон жамоаси иккинчи ўринни эгаллади. 2004 йилда туғилган Болалар-ўсмирлар футбол маҳорат мактаби тарбияланувчилари ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақасига Қорақалпоғистон Республикаси мезбонлик қилди.
Ўтган йилги мусобақаларни ўтказишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, қатор ташкилотлар яқиндан ёрдам берди.
Йиғилиш якунида «Йилнинг энг яхши мураббийи», «Йилнинг энг яхши ўсмирлар мураббийи», «Йилнинг энг яхши Болалар-ўсмирлар футбол академияси мураббийи», «Йилнинг энг яхши қизлар мураббийи», «Йилнинг энг яхши ўйинчиси», «Йилнинг энг яхши фахрий ўйинчиси», «Йилнинг энг яхши легионери» каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
– Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифида «Орол» футбол жамоасини қўллаб-қувватлаш бўйича билдирган фикрлари бизларга катта қувонч бағишлади, – дейди «Йилнинг энг яхши мураббийи» номинацияси ғолиби Илал Нажимов. — Бизнинг Қорақалпоқ давлат университети жамоаси кубок соҳиби бўлди. Келгусида «Орол» футбол жамоаси таркибига яхши футболчилар етказиб беришга ҳаракат қиламиз.
Д.АБИБУЛЛАЕВ.



