Кейинги йилларда янгиланаётган ҳаётимиз, Ватанимиз равнақи аҳолининг фаровон турмуши, янги бунёдкорликларда намоён бўлаётганлиги маънавият, адабиёт, санъат оламида ёрқин из қолдирмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида «Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак» деб алоҳида таъкидлаб ўтгани бежиз эмас. Биз буни Ҳазрат Алишер Навоийнинг 580 йиллиги нишонланаётган кунларда чуқур ҳис қилмоқдамиз.
Бу борада Президентимизнинг ўтган йил 19 октябрдаги қарори Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда кенг ўрганиш ва тарғиб қилишда катта аҳамиятга эга бўлди.
Шунингдек, куни кеча «Алишер Навоий номидаги Халқаро жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.
Унда буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодини, унинг бой илмий-адабий меросини ўрганиш, асарларини юртимиз ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш мақсадидаги яна бир муҳим вазифа белгиланган.
Яъни эндиликда, Фанлар академияси, Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фанлар академияси муассислигида Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилади.
Мазкур Фонднинг асосий вазифалари этиб Алишер Навоий ҳаёти, юксак инсонпарварлик ғоялари ва илмий-адабий меросини юртимизда ва халқаро миқёсда кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш, Алишер Навоий асарларини хорижий тилларга таржима қилиш, мукаммал илмий нашрларини яратиш, уларни республикада ва чет элларда нашр этиш, Алишер Навоийнинг илмий-адабий меросини тадқиқ этаётган адиб ва олимлар фаолиятига кўмаклашиш, улар яратган илмий ва бадиий асарларни жамлаш, шоир ижодини ўрганаётган, жумладан хорижий давлатлардаги илмий-ижодий марказлар билан ҳамкорлик қилиш, ҳар йили Алишер Навоий туғилган сана – 9 февраль куни халқаро конференция (симпозиум) ва “Навоийхонлик кунлари”ни ташкил этиш ва ўтказиш каби масалалар белгиланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда юртимизда Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилаётгани, Алишер Навоий ордени таъсис этилиши, хорижий давлатларда сақланаётган Алишер Навоий қаламига мансуб ва у яшаган даврга оид қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари мамлакатга олиб келиниши маънавиятимизни бойитишга ёрдам бермоқда.
Шунингдек, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий меросини чуқурроқ ўрганиш ва тадқиқ этиш бўйича олиб борилаётган илмий ишларга давлат буюртмаси асосида танловлар эълон қилинмоқда.
2021 йил охирига қадар Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Алишер Навоий асарлари ҳамда навоийшунослик фани бўйича олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг электрон платформаси яратилади.
2021 йил ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Навоий шаҳрида «Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади.
Бундан ташқари, шу кунларда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида «Навоий ворислари» мавзусида ғазалхонлик танлови, Президент мактаби, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари ўртасида «Навоийни англаш» мавзусида иншолар танловлари ўтказилмоқда.
Президентимиз қарорида «Ўзбеккино» миллий агентлигига 2021 йил давомида Алишер Навоий асарлари асосида бадиий ва мультипликацион фильмлар, шоир ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ янги маълумотлар ва манбалар асосида тўлиқ метражли бадиий-публицистик фильм яратиш белгиланган бўлиб, бу соҳадаги ишлар ҳам бошлаб юборилган.
Шунингдек, чет элда истиқомат қилаётган ўзбек тили мутахассислари, таржимонларни жалб этган ҳолда Алишер Навоийнинг асарларини чет тилларга таржима қилиб, китоблар тақдимотлари ўтказилишига ҳам тайёргарликлар кўрилмоқда.
Шу кунларда биз Ҳазрат Навоийни янгиланган Ўзбекистоннинг янги давр оламида, янгидан кашф этмоқдамиз. Айниқса, кейинги уч-тўрт йил давомида мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг инсон манфаатларига қаратилаётгани фикримиз далилидир. Негаки, А.Навоий ўз ижоди ва фаолияти давомида ўз халқи ва Ватани учун қолдирган бой адабий ва маънавий меросининг бош бўғини инсонга меҳр, Ватанга садоқат ва халқига бўлган чексиз муҳаббат бўлганлигини унинг ижоди ва меҳнат фаолияти орқали тўлиқ англаяпмиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мажлисларда, учрашувларда алоҳида эҳтиром ва ҳурмат билан ёдга оладиган мисраларига эътибор берайлик:
Одами эрсанг, демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.
Юртимиздаги барча ислоҳотлар, фармон ва қарорлар, тадбиркорлик, инновациялар йўлида амалга оширилаётган ишлар маҳаллалар фаолиятини такомиллаштириш, ҳар бир фуқарога алоҳида эътибор шу мисралар ғояси билан ҳамоҳангдир.
Шу нарсани мамнуният билан айтиш жоизки, Алишер Навоий ёзган барча асарларни мустақиллик даврига келиб тўлиқ ўқишга муяссар бўлдик. Айниқса, унинг 20 жилдлик асарлари нашр қилиниши Алишер Навоийни ўрганиш, унинг ҳикматларини ҳаётга теран ҳамда таъсирчан сингдирилиши замонамиз, инсон маънавияти юксалишида ёрқин акс этмоқда.
Бугунги куннинг ўткир ва глобал муаммоларига жавоб топишда айнан Навоий асарларининг моҳияти катта аҳамиятга эга бўлмоқда.
Улуғ бобомиз нафақат ижодкор, балки халқ дарди билан яшаганлиги ҳар бир инсонга жонкуяр бўлганлиги Ҳазрат Навоий ташаббуси билан қурилган “Ихлосия” ва “Низомия” мадрасалари, “Шифоия” тиббийгоҳи, ўнлаб кўприклар, работлар қуриб бергани, юз-юзлаб илм толибларини моддий мадад, озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаб тургани бугунги кунда давлатимиз раҳбари олиб бораётган халқчил сиёсатга ҳамоҳанг эканлигини кўриб турибмиз.
“Лисон ут-тайр”даги Симурғ тимсоли, буюк “Хамса”дан тортиб, бошқа барча асарларидаги дину диёнат ва дунёвий мақсадларга уйғун гуманизм ва юксак ахлоқни тараннум этувчи ғоялари, “Ҳайрат ул-аброр”даги инсон ва яшамоқ моҳиятининг юксак фалсафий ғояси, ўз давридаги дардли муаммоларнинг бадиий ечимлари бизнинг замонимиз учун ҳам хизмат қилаётгани фикримизнинг далилидир.
ВАТАН КЎКСИДАГИ
ҲИКМАТ НАВОИЙ
Янграр юртим узра тарих садоси,
Шеър мулкининг олтин, мумтоз навоси,
Меҳру-муҳаббатнинг тенгсиз вафоси.
Ғазаллар султони ҳазрат Навоий,
Ватан кўксидаги ҳикмат Навоий.
Бугун юртим дунё остонасидир.
Кўнглингиз шеърият кошонасидир,
Ҳар сатр сўз мулкин дурдонасидир.
Ғазаллар султони ҳазрат Навоий,
Ватан кўксидаги ҳикмат Навоий.
Қуёшдай тафтингиз ойдин тонгларда,
Сатрлар нурланар дилда, онгларда,
Учинчи РЕНЕССАНС кирган онларда.
Сизни улуғлаймиз ҳазрат Навоий,
Ватан кўксидаги ҳикмат Навоий.
Йиллар асрларга бериб турар жон,
Беш юз саксон ёшда сиз хуш навқирон,
Муборакбод этар ҳур Ўзбекистон.
Ғазаллар султони Ҳазрат Навоий,
Ватан кўксидаги ҳикмат Навоий.
Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,
«Қорақалпоқ адабиёти» газетаси
Бош муҳаррири,
Сенатор.




