Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Ташаббус, ҳаракат, рағбат” мавзусида етакчилар форуми ўтказилди.
Тадбирда республикамиздаги барча умумтаълим мактабларининг етакчилари иштирок этди.
Театр фойесида форум иштирокчилари учун Қорақалпоғистон Республикаси Сардорлар Кенгаши томонидан кўргазма ташкил қилинди. Шунингдек, “Етакчининг бир куни” мавзусидаги видеоролик намойиш этилди.
Шундан сўнг телеграм канали орқали овоз бериш йўли билан тавсия этилган номзодлар орасидан етакчилар сардори аниқланди. Яъни Нукус шаҳридаги 12- сонли умумтаълим мактаби етакчиси Ҳурлиман Жумамуратова ғолиб деб топилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Етакчилар Кенгаши сардори сифатида тайинланди.
Форумда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири Р.Реймов, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири Қ.Турдиев ҳамда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, сенатор А.Данияровлар сўзга чиқиб, жорий “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, ёшлар учун яратилаётган шароит ва имкониятлар хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, тадбирда вазирликлар билан ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
— Ёшларни “Миллий тикланишдан-миллий юксалиш сари” ғояси асосида бирлаштириш мақсадида шу йилнинг 28 январь санасидан 28 февралига қадар бошланғич етакчиларнинг ишларини самарали ташкил қилиш, уларга амалий –методик ёрдам кўрсатиш мақсадида “Етакчилар ойлиги” деб эълон қилинди. Бугунги форум ҳам ушбу тадбир доирасида ўтказилмоқда, — дейди Нукус шаҳридаги 20-сонли умумтаълим мактабининг ёшлар етакчиси Гулмира Есенова.
Форум иштирокчилари учун санъат усталари ижросидаги концерт дастури намойиш этилди.
Т.Сейтназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.




