Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг
ўн олтинчи сессияси бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтган сессияда Олий Мажлис Сенати аъзолари, секторлар, тегишли соҳа раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов бошқариб борди. Депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган махсус фармон билан суд тизимига ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар киритилди. Шу асосда жиноят, иқтисодий ва фуқаролик судлари бирлаштирилиб, улар асосида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси суди ташкил этилди.
Суд соҳасига киритилган ўзгаришларни инобатга олиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн бешинчи сессиясида Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг тегишли моддаларига қўшимчалар киритилди ва депутатлар томонидан қўллаб-қувватланиб, қонун қабул қилинди.
Сессия кун тартибида “Қорақалпоғистон Республикаси судининг раисини сайлаш тўғрисида”ги масала кўрилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни талабларига мувофиқ, Базарбаева Гульнара Жуманазаровнани Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси этиб сайлаш ҳақидаги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг таклифи депутатларга билдирилди. Бу бўйича депутатлар тегишли қарор қабул қилди. Базарбаева Гульнара Жуманазаровна беш йил муддатга Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси этиб сайланди.
Шунинг билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн олтинчи сессияси ўз ишини якунлади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.



