ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ – УСТУВОР ВАЗИФА


Шу йилнинг 22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида маъруза қилди. Президентимизнинг БМТ минбарида чиқишлари анъанага айланиб бораётгани қувонарли ҳолдир. Энг муҳими, давлатимиз раҳбари томонидан билдирилаётган ташаббуслар дунё ҳамжамияти томонидан илиқ қабул қилиниб, мамлакатимизнинг нуфузи тобора ортиб бормоқда. Президент Шавкат Мирзиёев кутилганидек бу сафарги чиқишида ҳам халқаро даражада катта аҳамиятга эга бўлган бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

Жумладан, Президентимиз мазкур соҳада амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор йўналишларни санаб ўтди ҳамда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туришини алоҳида таъкидлади.

Маълумки, 2020 йил 13-октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ҳам БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси этиб сайлангани барчамиз учун қувонч­ли хабар бўлган эди. Чунки, кенгаш аъзолигига сайланиш жараёнида давлатларнинг бир қатор йўналишлардаги натижалари ҳисобга олинади. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, кенгашнинг асосий вазифаси эркинлик, қонун устуворлиги ва адолатни тарғиб қилиш, шунингдек, жаҳон бўйлаб бу борадаги вазиятни назорат қилиб, давлатларга кўрсатма ва тавсиялар беришдан иборат.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда юртимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятида бу йўналишдаги ўзининг халқаро мажбуриятларини бажариб келмоқда. Инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида давлатимиз раҳбари томонидан қатъий сиёсат олиб борилмоқда.

Шунингдек, Президентимиз томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган энг катта ютуқларимиздан бири сифатида Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ишлар амалга оширилгани алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга 2021 йилда, яъни Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йилида Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши маълум қилинди.

Маълумки, жаҳондаги мажбурий ва болалар меҳнатига бағишланган АҚШ Меҳнат департаментининг 2018 йил 20 сентябрда чоп этилган янги ҳисоботида Ўзбекистон болалар меҳнатига қарши курашда салмоқли натижаларга эришгани эътироф этилган эди. Жумладан, пахта – болалар меҳнати орқали терилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарилгани маълум қилинди. Дарҳақиқат, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланишга барҳам берилгани инсон ҳуқуқларини таъминлашда энг муҳим қадамлардан бири бўлди.

Албатта, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари олий қадрият даражасига кўтарилгани дунё ҳамжамияти томонидан эътироф қилинмоқда. Лекин эришган натижаларимиз билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Чунки, Президентимиз таъкидлаганидек, инсон ҳуқуқлари борасида ҳали улкан йўлнинг бошида турганимизни яхши тушунамиз ҳамда бу борадаги ислоҳотлар қатъий давом эттирилиб, юртимизда инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун туриши таъминланади.

Тажибай Романов,

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари,Жўқорғи Кенгес депутати.