“Ташаббус-2021” танловининг туман, республика босқичларида ғолиб бўлган “Muynak Tour” МЧЖ директори Амина Бегжанова танловнинг Тошкент шаҳрида ўтказиладиган финал босқичига йўлланма олган эди.
У бу ерда ҳам ғолиблар қаторидан жой олиб, танловнинг “Энг яхши тадбиркор аёл” йўналиши бўйича биринчи ўринни эгаллади. А.Бегжановага биринчи даражали диплом ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси- “Nexia-3” автомобили топширилди.
— “Muynak Tour” МЧЖ 2017 йилнинг февраль ойида ташкил этилган эди, — дейди А.Бегжанова. — Туристлик агентлигимиз Мўйноқ тумани, Орол денгизи ҳамда бошқа зиёрат масканларига якка ҳамда гуруҳ бўлиб саёҳатга чиқмоқчи бўлганларга хизмат кўрсатади.
Ходимларимиз тажрибали, ўз соҳасининг малакали мутахассисларидир.
Улар турбизнес талаблари асосида фаолият олиб боради.
Саёҳатчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш, улар билан турли тилларда сўзлаша оладиган таржимонларни жалб этиш музейлар, театрлар, кўргазмалар ҳамда бошқа диққатга сазовор жойлар билан таништириш, Орол денгизи, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларига экскурсиялар ташкил этиш, саёҳатчиларни аэропортда кутиб олиш ва кузатиш хизматларини аъло даражада кўрсатишга ҳаракат қилаяпмиз.
Саёҳатчиларга зарур бўлган меҳмонхона хизмати, авиа ва темир йўл билети, виза олишга ёрдам бериш, транспорт хизмати каби кўпгина йўналишларда хизматлар кўрсатилади.
Шунингдек, Мўйноқ шаҳри, Орол денгизи тубида ҳар биттаси 3-4 та ўринга мўлжалланган ўтов (қора уй)лардан иборат лагеримиз бор. Меҳмонларимиз учун манзур бўладиган қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ миллий таомларини тайёрлаяпмиз.
Меҳнатларимни юксак баҳолаб биринчи ўринга лойиқ топгани учун ташкилотчилардан, айниқса яратилган шароитлар учун Президентимиздан миннатдорман. Келажакда хизмат кўрсатиш фаолиятини янада кенгайтириб, ишларимизни яхшилашга ҳаракат қиламиз.
Дарҳақиқат, бу каби тадбиркорлик фаолиятининг кўпайиши юртимизда туризмнинг ривожланиши билан бир қаторда аҳоли бандлигини таъминлашда аҳамиятлидир.
А.Жиемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.



