Куз-қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши сабаб, биз яшаб турган хонадонларимизни иситиш учун турли чораларни кўра бошлаймиз. Натижада, электр иситиш асбоблари, табиий газ тармоқлари ёки иситишнинг бошқа турли йўлларидан фойдаланамиз.
Маълумки, табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, бехосдан узилиб қолиши, хона ичида тўпланиши, табиий газни ёқиб қаровсиз қолдириш, қувурларни улашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида чақнаш, ёнғин ҳамда табиий ва ис газидан заҳарланиш каби турли фавқулодда ҳолатлар содир бўлиши мумкин.
Бундай вазиятларда инсонлар турли хил тан жароҳатларини олиши ёки ўлим ҳолатлари ҳам кузатилиши мумкин. Ушбу ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаблари ва манбалари ўрганилиб, таҳлил қилинганда, фуқароларнинг табиий газдан нотўғри фойдаланиши, уларнинг назоратсиз қолдирилиши, иситиш қурилмалари, газ қувурлари уланган жойдан газ сизиб чиқиши каби омиллар сабаб бўлаётгани аниқланди. Бундан ташқари, қўлбола иситиш мосламалари билан иситиладиган хоналарда мўри тўлиб қолиши оқибатида ҳам бу каби кўнгилсиз ҳолатлар учраши мумкин. Шу боис, ёнғин вақтида ёпиқ, тутунли хоналарда қолган шахсларда ҳам заҳарланиш ҳолатлари кузатилади.
Маълумки, ис гази хонадонларда, ташкилотларда фойдаланиладиган табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, кўмир ва органик моддаларнинг чала ёнишидан ҳосил бўладиган газдир. У – рангсиз, ҳидсиз ва таъмсиз бўлади. Ис газидан заҳарланиш даражаси газнинг миқдорига, кишиларнинг заҳарланиш жойида қанча вақт қолиб кетганлигига ва бошқа кўрсаткичларга боғлиқ. Ис газининг организмга таъсири натижасида қонда кескин ўзгариш кузатилади, натижада тўқималарга кислороднинг етиб келиши ва қондаги зарарли моддаларнинг ажралиб чиқиш жараёни бузилади. Бу эса организмда кислород танқислигини келтириб чиқаради. Салбий таъсир кўрсатувчи зарарли моддаларнинг хусусиятларини билиш хавфсизликни таъминлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда мана шундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бўлимимиз томонидан аҳоли орасида ҳамда объектларда мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Зеро, эҳтиёткорлик-умр фойдасидир.
С.БЕРДЕКЕЕВ,
«Тахиатош ИЭС» АЖ БЁХТТЭБ инспектори, майор.



