Мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳага илғор замонавий технологияларни жорий этиш, таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчиларнинг касбий салоҳияти, жамиятдаги роли ва нуфузини ошириш, ўз мустақил фикрига эга, креатив фикрлайдиган баркамол авлодни тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармонида ҳам таълим ва илм-фан соҳаларини такомиллаштириш борасида қатор вазифалар белгиланган.
Бугунги кунда юртимизда маънавий –маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, миллий таълим-тарбия тизимининг амалдаги ҳолатини замон талаблари асосида модернизация қилиш, ёшларни юксак билим-маърифат эгалари, жисмоний ва маънавий соғлом инсонлар этиб тарбиялаш, таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари нуфузини ошириш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Айниқса, мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилиб, бунда таниқли шоир, ёзувчи, журналист ва ижодкорлар, олий таълим муассасаларининг ижтимоий гуманитар кафедралари профессор ва ўқитувчилари жалб қилингани аҳамиятлидир.
Тарғиботчилар ёш авлодни маънан баркамол этиб тарбиялаш, мактаб ўқитувчилари ва фаол ўқувчиларининг ижодий ишларини кенг жамоатчиликка етказишга кўмаклашиш, турли хилдаги викториналар, мушоиралар, адабий кечалар, қизиқарли дарслар, китобхонлик ва шеърхонлик мусобақаларини ташкил этиш каби қатор вазифаларни амалга ошириб келмоқда.
Хўжайли туманидаги 14 –сонли умумтаълим мактабида ҳам бу борадаги ишлар ўз самарасини бермоқда. Бугунги кунда мактабимизда 476 нафар ўқувчига 53 нафар ўқитувчи-педагоглар таълим –тарбия бериб келмоқда.
Эътиборлиси, мактабимизда ёшларда китобхонлик маданиятини шакллантириш, адабиёт, ижодга қизиқтириш, бу борада уларга тўғри йўл кўрсатиш, йўналиш бериш, уларнинг ижодларини қўллаб-қувватлаш, ёш қаламкашларни кашф этиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг ақлий, маънавий дунёқарашини шакллантирадиган турли хил машғулотлар олиб борилмоқда.
Айниқса, уларда китобхонлик ва мутолаа маданиятини шакллантириш мақсадида “Фарзандимга китоб совға қиламан”, “Мен ўқиган китоб” “Тафаккур чархи”, “Китобхонлик” каби акциялар, учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилиб, бунда ёшлар билан бир қаторда ўқитувчи устозлар ҳамда ота-оналар ҳам фаол иштирок этишмоқда.
Иқтидорли ёшларнинг республикамиздаги ихтисослаштирилган ижод мактабларига ташрифини таъминлаш, уларни матбуот, радио, телевидение таҳририятларига олиб бориш, иш жараёни билан яқиндан таништириш, таниқли ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар ташкил қилиш ўйлаймизки, албатта ўзининг ижобий самарасини беради.
Г.Калмуратова,
Хўжайли туманидаги 14-сонли мактабнинг Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.



