Эътибордан четда қолган спорт иншооти


Спорт фахрийси Зарипбай Алланиязов ташаббуси билан 2004 йилда Нукус шаҳридаги “Ақ жағис” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳашар йўли билан спорт иншооти қурилиб, ёш боксчиларга фойдаланишга топширилган эди. Ўтган давр мобайнида бу ердан бир нечта халқаро турнирлар, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон чемпионатлари совриндорлари етишиб чиқди.

– У пайтлари шаҳарда спорт иншоотлари кўп эмас эди, – дейди спорт фахрийси Зарипбай Алланиязов. – Ёшлик йилларимизда шаҳарнинг чеккасидан марказга қатнаб, бокс билан шуғулландик. Ҳудудимизда спортга, шу жумладан боксга қизиқадиган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Аммо аксариятининг шаҳар марказига қатнаб шуғулланиши учун имконияти йўқ. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, ҳудудимиздан спорт иншоотини очишни мақсад қилдик. Ташаббусимизни ота-оналар ҳам қўллаб-қувватлади. Нукус шаҳар ҳокимлиги қарори билан 30 сотих ер майдони ажратилиб, 30х12 ҳажмдаги спорт зали, кийиниш, ювиниш хоналари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бокс билан шуғулланиш учун зарур жиҳозлар билан таъминладик.

Маълумки, 2008 йилда Қорақалпоғистон Республикасида касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчилари ўртасида “Баркамол авлод” мусобақаси бўлиб ўтди. Ушбу мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси биринчи ўринни эгаллади.

2009 йили Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вакиллари Нукус шаҳридаги спорт иншоотлари, шу жумладан мана шу спорт залнинг ҳолати билан танишди. Ҳашар усулида бунёд этилган спорт иншоотини қўллаб-қувватлаган ҳолда ринг совға қилди. Бу ерда шуғулланувчи болалар сонининг кўплигини ҳисобга олиб, яқин жойдан яна бир 30х15 ҳажмдаги спорт залнинг тамал тоши қўйилди. Маблағ етишмаслиги сабаб шу кунгача қурилиш ишлари тўхтаб турибди.

Айни пайтда Нукус шаҳридаги 2- ва 3-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактаби, республика яккакураш турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабининг 3 нафар мураббийи ёшлар билан машғулотлар олиб бормоқда. Улар орасида истеъдодли ёш спортчилар талайгина. Жумладан, Ерназар Айтбоев ўз вазн тоифасида Ўзбекистон чемпионатида ғолиб бўлган бўлса, Гулбану Парахатова учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, Расул Базарбаев ва Аман Кеўлимжаев халқаро мусобақада совринли ўринни эгаллаган. Бир қанча тарбияланувчилар Қорақалпоғистон Республикаси чемпионлари бўлди.

Аммо бугунги кунда спорт иншооти ачинарли ҳолатда. Бир неча йилдан буён таъмирлаш ишлари амалга оширилмади. Натижада деворлари ёрилиб кетмоқда. Электр энергияси, табиий газ ва ичимлик сувидан қарздорлик ортиб бормоқда.

– Болаларнинг севимли масканига айланган спорт иншоотини ёпиб ташлашга кўз қиймайди, – дейди спорт фахрийси Зарипбой Алланиязов. – Муаммолар юзасидан бир нечта ташкилотга мурожаат қилсакда, ижобий жавоб ола олмадик. Президентимиз томонидан мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда Нукус шаҳар ҳокимлиги, сектор ва соҳа раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғини, ҳудуддан сайланган депутатлардан ҳеч қандай ёрдам йўқ. Ҳеч бири келиб мазкур ҳолат билан танишиб, ўрганиб чиқмади. Ҳатто, қизиқмади ҳам.

Спорт билан мунтазам шуғулланган боладан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Шу боис бир неча йилдан буён ёшларнинг манфаати, уларнинг келажаги учун хизмат қилиб келаётган спорт иншоотига юқоридаги ташкилотлар, ҳомийлар ёрдам қўлини чўзса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ачинарли ҳолат мана шундай давом этаверса, яқин кунларда болалар спорт билан шуғулланишдан бенасиб қолади.

Д.Абибуллаев.