“Намунали тарғиботчи”: муносиблар тақдирланди


Нукусда “Намунали тарғиботчи” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпо­ғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси К.Каримов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими раиси К.Реймов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими раҳбари Т.Атамуратов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган ғоя асосида ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 19 январида  Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан ўтказилган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши маънавият ва маърифат соҳаси учун катта ижобий бурилиш бўлди. Жумладан, Республика Маънавият ва маърифат марказининг мувофиқлаштирувчи ролини кучайтириш, соҳада илмий ёндашувни кенг жорий этиш, илғор ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, вазирлик, идора ва ташкилотларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича “Йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича мамлакатимиздаги 10 мингдан зиёд, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикасидаги 730 та умумтаълим мактабида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилиб, унга шоир, ёзувчи ва журналистларни жалб қилиш йўлга қўйилди. Мақсад, ижодкорларни ёшлар билан яқинлаштириш, уларнинг ижодкорлик қобилиятини юксалтиришга эришишдир.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида жорий йилнинг 19 январида бўлиб ўтган мажлис баёнида умумтаълим мактабларига бириктирилган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар ўртасида икки босқичдан иборат “Намунали тарғиботчи” кўрик-танловини ўтказиш белгиланди.

Мазкур баён ижросини таъминлаш, яъни ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг билим ва ижобий тажрибасини синовдан ўтказиш, тажриба алмашиш, шунингдек, фаол тарғиботчиларнинг ишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида қўшма қарор қабул қилинди.

Жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтган шаҳар ва туман босқичларининг 17 нафар ғолиби Қорақалпоғистон Республикаси босқичида иштирок этди. Танловнинг биринчи босқичида иштирокчилар замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ўзларига бириктирилган умумтаълим мактаблари ўқувчилари билан олиб бораётган ижодий ишларини намойиш этди. Шунингдек, ўз ижоди, ўзбек ва қорақалпоқ адибларининг ҳаёти ҳамда ижоди бўйича йиғилганларни яқиндан таништиришди.

Танлов якунига кўра, Кегейли туманидаги 6-умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси А.Қойлибоев биринчи, Қонликўл туманидаги 24-умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Г.Узақбергенова иккинчи, Мўйноқ туманидаги STEAM фанларига ихтисослаштирилган мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси ­В.Садуллаева учинчи ўринларни эгаллади.

Танлов ғолиби ва сов­риндорларига Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими дипломи ва 5 миллион, 3 миллион ҳамда 2 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари топширилди.

“Энг замонавий тарғиботчи”, “Энг яхши ижодий тарғиботчи”,“Энг зукко тарғиботчи”, “Энг аълочи тарғиботчи”, “Энг фаол тарғиботчи” номинациялари бўйича ғолиблар, шунингдек, фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.

Қ.Х.А.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган сурат.