Ўзбекистон Республикасининг 32 та хорижий давлатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиларидан иборат делегация Қорақалпоғистон Республикасига келди.
Дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида қабул ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов элчиларни Оролбўйига ташрифи билан қутлаб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан республикамизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан таништирди. Хорижий давлатлар билан ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда дипломатларнинг хизмати алоҳида эканлигини таъкидлади.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида Оролбўйига хорижий инвесторларни жалб этиш, янги замонавий технологияларни олиб келиш, ҳудудимизнинг экспорт ва туризм салоҳиятини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ташқи иқтисодий алоқалар соҳасида илгари сурилган муҳим вазифаларни ижро этишда халқаро ташкилотлар, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик корпуслари ва элчихоналари билан биргаликдаги ишлар яхши йўлга қўйилмоқда. Навбатдаги ташриф ҳам мазкур алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Ҳамкорликда амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида республикамизда ташқи савдо айланмаси 519,4 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 121 фоиз ўсишга эришилди. Шу жумладан, экспорт ҳажми 329 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Бугунги кунда 200 дан зиёд экспортёр корхона жаҳоннинг 34 мамлакатига экспортни амалга оширмоқда. Сўнгги йилларда АҚШ, Мьянма, Канада, Марокко сингари давлатларга экспорт доираси кенгаймоқда. Мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихоналарининг амалий кўмагида жорий йилда экспортёр корхоналарнинг сони 20 тага кўпайди.
Ўтган йилнинг декабрь ойида хорижий давлатлардаги Фавқулодда ва мухтор элчилар, дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат делегациянинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифидан сўнг умумий қиймати 1 миллиард АҚШ долларидан зиёд 273 инвестиция ва грант лойиҳаси, шунингдек экспорт шартномалари имзоланди.
Жумладан, Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихона томонидан «NCV International» компаниясининг “Қўнғирот сода заводи”нинг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, ушбу мамлакатнинг Шайх Халифа бин Зоид Ал Наҳаён жамғармаси томонидан Нукус шаҳрида Аёллар ва болалар шифохонасини қуриш, Австрия элчихонасининг «C-Quadrat Investment Group» инвестиция компанияси томонидан Нукус шаҳридаги 10-сонли махсус мактаб-интернатига Брайл принтери, спорт инвентарлари, ўқув қуролларини етказиб бериш, мамлакатимизнинг АҚШ ҳамда Қувайтдаги элчихоналари томонидан соғлиқни сақлаш соҳасидаги, Германия ва Бельгия давлатларидаги элчихоналари томонидан таълим соҳасидаги, Япония элчихонаси томонидан республикамизга замонавий тиббий асбоб-ускуналарни етказиб бериш каби бир қатор лойиҳаларнинг амалга оширилаётганини таъкидлаш ўринлидир.
Шу куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида элчиларнинг туман ҳокимлари, вазирликлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев хорижий инвесторларни жалб этиш, ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда мазкур учрашувнинг аҳамияти хусусида тўхталиб ўтди. Ҳар бир шаҳар ва туманга бириктирилган элчилар ҳудуднинг инвестиция имкониятлари, экспорт салоҳияти билан яқиндан таништирилди.
Қ.Х.А.



