Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев Элликқалъа туманида маҳалла фаоллари билан учрашди.
Таъкидланганидек, халқимиз орасида маҳалла фаолларининг ўрни, бажарадиган вазифаси ҳамда обрўси салмоқлидир. Ўзининг доно фикрлари, кўпчиликка намуна бўлишдек сифатлари билан ажралиб турган.
Тадбирда сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари хусусида сўз юритилди.
Яқинда Президентимиз Қорақалпоғистонга бўлган ташрифи чоғида республикамиз аҳолисининг ҳаёт даражасини яхшилаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, ҳудудларни обод қилиш, сув, электр таъминотини яхшилаш, мактаб, боғча ва тиббиёт пунктларини қуриш ва таъмирлаш учун 452 та фуқаролар йиғинининг ҳар бирига 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилиши, бунинг учун алоҳида жамғарма ташкил этилиб, унга шу йилнинг ўзида 250 миллиард сўм йўналтирилиши қайд этилди.
Шунингдек, кадастри йўқ 38 минг уй-жой ва кўчмас мулк бўйича тегишли ҳужжатлар ишлаб берилиши, аҳоли эҳтиёжларини ҳисобга олиб, жорий йилда 4 минг уй-жой қурилиши ва унга қўшимча замонавий лойиҳалар асосида 4 минг якка тартибдаги уй-жойларни қуришга 4 сотихдан ер ажратилиши белгилаб берилди. Белгиланган муҳим вазифаларни бажаришда кўча бийларидан ҳам алоҳида масъулият талаб этилади.
Учрашув сўнггида маҳалла фаоллари томонидан бир қатор фикр-таклифлар билдирилиб, уларнинг ечими назоратга олинди.
Қ.Х.А.



