Мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларидаги “Ватан таянчи” отрядларига аъзо бўлган битирувчи синф ўқувчилари ўртасида мудофаа вазирининг кубоги учун “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақаси анъанавий ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши, Халқ таълими вазирлиги ҳамда “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгашининг қўшма қарорига асосан ташкил этилган ушбу мусобақа ёшларда ҳарбийликка ҳавас уйғотиб, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳисса қўшмоқда.
Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирининг негизида ўтказилган мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи 17 та шаҳар ва туманлардан энг сара жамоаларни сафлаб берди. Ўқувчилардаги ҳаяжон, ғалабага бўлган шижоат, ҳарбийча қатъият беллашувнинг ҳар бир шартида яққол кўзга ташланиб турди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
Ҳар бир жамоа аъзолари ўзгача ҳарбий либосларда сафда мағрур туриб, ғалаба учун ўзларини руҳан тайёрлашди. Қатъий интизом ва ғалабага бўлган кучли иштиёқ беллашувнинг ҳар сониясини ҳис-ҳаяжонга тўлдирди.
Мусобақанинг очилиш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Исмоил Қурбонов, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда “Ватанпарвар” ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши аъзолари ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, чақирувга қадар ёшларни тайёрлаш фани ўқитувчилари ва ўқувчилар қатнашди. Сўзга чиққанлар мусобақа иштирокчиларига зафарлар ёр бўлишини тилади.
Таъкидлаш жоизки, 2021 йилги “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт баҳсларининг финал босқичи якунига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси шарафини ҳимоя қилган Кегейли тумани ёшлари фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, мудофаа вазири кубогини Қорақалпоғистонга олиб келган эди.
Мусобақа низомига кўра беллашувда ҳар жамоадан 7 нафар ўғил ва 3 нафар қиз бола иштирок этишига рухсат берилган. Ҳарбий-спорт мусобақасининг биринчи шартига кўра ёшлар пневматик милтиқдан назорат отиш машқи орқали мерганлик маҳоратини намойиш этди.
“Ҳарбий эстафета” деб номланган иккинчи шартда иштирокчилар автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, газга қарши ниқобни кийиш ва юк автомобилининг ғилдирагини айлантириб югуриши керак бўлди. Бу шартда жамоадан 4 нафардан вакил қатнашди.
Мусобақанинг учинчи шартида (“Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш”) икки нафар иштирокчи 50 метр масофага замбилни кўтарганча югуради ва маррада ётган шартли жабрланувчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатади. Шундан сўнг жабрланувчини замбилга ортиб, финиш томон югурилади.
Навбатдаги “Дуатлон” шартида ҳар жамоадан икки нафар иштирокчи ўрта масофага югуриши ва велосипед ҳайдаши ўрин олган.
“Сафда қўшиқ айтиш” деб номланган кейинги шартда жамоалар сафда шахдам қадамлар билан юриб, ҳарбийча қўшиқларни жонли ижро этиши белгиланган.
“Темур тузуклари билимдони” деб номланган охирги шартда ўқувчилар 5 тадан саволга жавоб бериши ва уларнинг ҳар бири учун қўшимча балл эгаллаши мумкин бўлди.
Ҳар бир шартда вақт мезони билан адолатли баҳолаш механизми асосида иштирокчиларнинг хатти-ҳаракати баҳолаб борилди.
Мусобақанинг ёпилиш маросимида нутқ сўзлаган Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов бугунги кунда мамлакатимиз ёшларига бўлаётган эътибор, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги ютуқларни эътироф этиб, ҳарбий округ ҳудудида мана шундай тадбирларни ўтказиш учун барча шароит бундан кейин ҳам яратиб берилишини таъкидлади.
Ниҳоят ҳаяжонли дамлар етиб келди. Дастлаб мусобақа шартларида алоҳида кўрсаткичларга эришган ўқувчи-ёшлар ва жамоалар тақдирланди. Унга кўра “Энг кучли спортчи”, “Темур тузуклари билимдони”, “Моҳир мерган” каби бир қатор номинациялар бўйича ёшлар яккалик ва жамоавий тартибда мукофотланди.
Якуний натижаларга кўра, барча шартлар бўйича юқори натижа кўрсатган Кегейли туманидаги 41-мактабнинг “Лочинлар” жамоаси шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди. Ўтган йилги мавсумда мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида биринчи ўринни қўлга киритган Нукус туманидаги 31-мактабнинг “Акманғит” жамоасига бу сафар озгина имконият етмади ва фахрли иккинчи ўринга лойиқ, деб топилди. Мусобақанинг мутлақ ғолиблиги Қонликўл туманидаги 2-мактабнинг “Лочин” жамоасига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан кубок, медаль, диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мусобақада ғалаба қозонган Қонликўл тумани жамоаси беллашувнинг финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.
ЎзА.



