«Ватанпарвар» ташкилоти: мақсад баркамол авлодни вояга етказиш


“Ватанпарвар” ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан  мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнларида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, соғлом эътиқодли, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, “Ватанпарвар” ташкилоти тасарруфидаги ўқув муассасалари раҳбарлари, маҳалла фаоллари, туман халқ таълими бўлимига қарашли мактаблар ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари иштирокида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилиб, унда “Ватанпарвар” ташкилоти фаолияти, юртимиз ижтимоий ҳаётида тутган ўрни, амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида халқимизга, айниқса, ёшларга батафсил маълумот бериб келинмоқда. Шунингдек, тадбирларда  уюшмаган ёшларни касбга тайёрлаш, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалар фарзандлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўқитилиши бўйича яратилаётган шароитлар ва берилаётган имкониятлар аҳолининг кенг қатламларига етказилади. Шу билан бир қаторда “Ватанпарвар” ташкилотининг замонавий енгил ва юк ўқув автомобиллари, синф хоналари, спорт техникалари (картинг, мотоцикллар, спорт автомобили),  ракета модель ва корд авиамоделларининг кўргазмали намойишлари, спорт секциялари аъзоларининг фаолиятидан намуналар тақдим этиб борилади.

Ўтган йиллар мобайнида ташкилотнинг ўқув спорт техника клублари моддий техник базаси яхшилаб, ёшларнинг  ўзлари ҳоҳлаган тўгаракларда шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди. Шаҳар ва туман ўқув спорт техника клуби бинолари, қўрғонлари ва ўқув автомобиллар сақлаш саройлари янгидан қурилди, моддий техник ўқув базалари янгидан жиҳозланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташликоти Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши биноси таъмирланди ва тўлиқ жиҳозлар билан таъминланди.

Жойлардаги ўқув спорт техника клубларига янгидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган замонавий енгил автомобиллар,  автобуслар харид қилинди. Халқ хўжалигига оммавий касбдаги мутахасисслар тайёрлаш, қишлоқ ёшлари ўртасида техник ва амалий спорт турларини ривожлантириш ва қишлоқ фуқароларини иш билан таъминлаш мақсадида Қораўзак туманида ўқув спорт техника кулуби ташкил этилди. Чимбой тумани ўқув спорт техника клубининг Тахтакўпир туманида филиали, Бўзатов туманида янгидан ўқув биноси харид қилинди ва филиали ташкил қилинди. Қўнғирот туман ўқув спорт техника клубида Мўйноқ туманидан 160 нафар ёшлар тракторчилик, Қонликўл ва Тахиатош туманларида “Ёшлар дафтари” ва “Темир даф­тар”да турган 150 нафар ёшлар ҳайдовчилик мутахассислигига ўқитилди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши тасарруфида 10 та ўқув спорт техника клуби, жумладан Нукус шаҳар, Амударё, Беруний, Элликқалъа, Тўрткўл, Қўнғирот, Хўжайли, Чимбой, Кегейли, Қораўзак туман ўқув спорт техника клублари, Қорақалпоғистон Республикаси спортнинг техник ва амалий турлари маркази фаолият кўрсатмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ва унинг тасарруфидаги шаҳар ва туман кенгашлардаги маънавият ва маърифат хоналари, кутубхона бурчаги имконият даражасида таъмирланган ва кўрсатмага биноан деворий кўргазмали қуроллар билан жиҳозланган. Беруний, Амударё, Тўрткўл, Қўнғирот, Кегейли, Элликқалъа, Чимбой туманларида замон талабларига жавоб берадиган кутубхона бурчаги, маънавият хонаси сиёсий ва бадиий адабиётлар, китоб­лар билан тўлиқтирилди.

Кенгашнинг тадбирлар режасига асосан бугунги кунга қадар ҳарбий ватанпарварлик тарғиботи ва оммавий ташкилий ишлар йўналишида бир қатор тадбирлар ўтказилди. Шундан аксарияти бевосита давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Минтақада туризмни ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш, спорт ва фестиваллар туризмни ривожлантириш, автомотоспорт турларини оммалаштириш, шунингдек, ёш авлодни техник ва амалий спорт турларига жалб қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан ҳар йили Мўйноқ туманида “Ралли Мўйноқ” автомобиль спорти мусобақаси ўтказилиб келинмоқда.

“Ватанпарвар” ташкилоти ўқув спорт техника клубларида “Ёшлар дафтари” бўйича имтиёз асосида ўқитилаётган ёшлар ўртасида “Раҳбар ва ёшлар учрашув”лари, “Муваффақиятга эришиш сирлари”, “Тадбиркорлик ва ёшлар” ҳамда  “Инқироз ҳолатини енгиб ўтиш психологияси”, “Ёшларда лидерлик қобилиятини ривожлантириш” мавзуларида 52 та семинар-тренинглар ташкил этилди.

Буларнинг барчасидан кўзланган мақсад фуқаролар, айниқса ёшларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, спортнинг техник  ва амалий турларини оммалаштириш, техник касб мутахассисларини тайёрлашни кенгайтиришдан иборат.

Куатбай РАЗБЕКОВ,

“Ватанпарвар” ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси.