МУРОЖААТЛАР БИЛАН ИШЛАШ ВА БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ АХБОРОТ ХИЗМАТЛАРИ ФАОЛИЯТИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев раислигида мурожаатлар билан ишлаш ва бошқарув органлари ахборот хизматлари фаолиятига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, жойларда ўтказилган сайёр қабулларда келиб тушган мурожаатларнинг ижроси таҳлил қилинганда, бу борадаги ишлар кўпгина корхона ва туманларда талабга жавоб бермаётгани аниқланган. Жумладан, Беруний, Кегейли, Элликқалъа, Қораўзак туманлари ҳокимликларида, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси,  «Халқ банки», «Қорақалпоқ сув таъминоти» МЧЖда мурожаатларнинг ижобий  ҳал қилиниши сустлигича қолмоқда. Баъзи раҳбарлар томонидан кўриб чиқилган мурожаатлар бўйича  мурожаатчиларга юзаки жавоб қайтариш ҳолатлари учрамоқда.

Жўқорғи Кенгеснинг «Халқ мурожаати» платформасига келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилганда, айрим ташкилотлар томонидан муаммолар ижобий ҳал қилинмаганлиги аниқланган. Бундан ташқари, бир фуқаронинг такрор йўллаган мурожаати юзасидан ҳам ҳеч қандай аниқ чоралар кўрилмаган.

Сектор раҳбарлари томонидан ўтказилаётган қабуллар, мурожаатларнинг ижобий ҳал қилинишига доир ишлар талаб даражасида эмас.

Йиғилиш кун тартибидаги кейинги масала маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари ахборот хизматлари фаолиятининг самарадорлигига бағишланди.

Унда соҳадаги бир қатор камчиликлар тахлил ва танқид  қилинди.

Жумладан, Беруний, Хўжайли, Мўйноқ туманлари, Божхона ­бошқармаси томонидан медиа-режада белгиланган бандлар ўз вақтида бажарилмаган. Бугунги кунда ёшлар орасида энг кўп фойдаланиладиган ижтимоий тармоқларда кўпчилик расмий каналларни юритиш сифати жуда паст даражада бўлмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳудудидаги телеканаллар, маҳаллий телеканаллар орқали жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ёритиб бориш ишлари ҳам баъзи жойларда суст ташкил этилмоқда. Амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик  ишларини халққа  тўлиқ етказиш,уларни расмий сайтларда,ижтимоий тармоқларда ёритиб бориш ишлари Амударё, Қонликўл, Мўйноқ, Тахтакўпир туманларида жуда ­сусткашлик билан  олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, йиғилишда қабул қилинган  фармонлар,қарорлар ва бошқа меъёрий  хужжатлар бўйича тарғибот ишлари, танқидий фикрларга муносабат билдириш талаб даражасида эмаслиги таъкидлаб ўтилди.

Йиғилишда ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашгани, ўзига юклатилган вазифаларни талаб даражасида бажармагани, мурожаатлар билан ишлашда камчиликларга йўл қўйганлиги учун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири, Қораўзак тумани кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, Бош тиббий, меҳнат экспорт комиссияси раиси, Нукус шаҳар ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари, Қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекцияси раиси, Кон-геология ишларини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг мурожаатлар билан ишлаш бўйича мутахассислари, Бўзатов, Элликқалъа, Мўйноқ тумани ҳокимликларининг мурожаатлар билан шуғулланувчи мутахассислари интизомий жазога тортилди.

Бундан ташқари, Тахиатош, Қораўзак, Нукус, Қонликўл, Тўрткўл, Беруний, Мўйноқ туман ҳокимликлари, Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ахборот хизмати раҳбарларини интизомий жазога тортиш, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ахборот хизмати бошлиғини лавозимидан озод этиш, Амударё туман ҳокимлиги ахборот хизмати бошлиғининг лавозимига муносиблигини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.Эрманов қатнашди.

Қ.Х.А.