Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Улуғбек Иноятовнинг ишончли вакили Халила Ешимбетовниг Амударё тумани сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда сайловчилар, талаба-ёшлар, жамоат бирлашмалари,фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари қатнашди.
Учрашувда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси,ишончли вакил Халила Ешимбетов сайловчиларга номзоднинг таржимаи ҳоли ҳақида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, ишончли вакил номзоднинг сайловолди дастуридаги муҳим йўналишлар хусусида тўхталиб ўтди. Жумладан, кучли ижтимоий сиёсат, арзон уй-жой, сифатли коммунал хизматлар, кафолатли ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, ёшлар учун таълим кафолатларини мустаҳкамлаш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисоди, товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллиги, ижтимоий тенгликка асосланган демократия, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, констркутив ташқи сиёсат каби 9 та устувор йўналиш бўйича таклиф ва ғоялар қайд этилди.
Бундан ташқари, Халила Ешимбетов Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсади-ижтимоий давлат концепцияси эканлиги,шу боис ҳам янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган ижтимоий давлат тамойилидан келиб чиқиб, мамлакатнинг ижтимоий мажбуриятларини самарали амалга ошириш механизмларини мустаҳкамлаш ва демократик ижтимоий давлатни барпо этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтди.
Ишончли вакил маърузасида республикамизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболдаги имкониятларига тўхтаб ўтди.
Жумладан, номзод дастуридаги халқни, жумладан, хотин-қизлар ва ёшларни доимий иш билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахслар учун доимий иш ўринларини яратиш, инфратузилмани яхшилаш, ичимлик суви, электр, табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга қаратилган ташаббусларга эътибор қаратди.
Шаффоф, ўзаро мулоқот тарзида ўтган учрашувда сайловчилар ишончли вакилга ўзлари қизиқтирган саволлар юзасидан мурожаат қилди. Унда сўзга чиққан фаоллар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Улуғбек Иноятовнинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашга ва сайловда фаол қатнашишга чақирди.
***
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ишончли вакили Байрамбай Отемуратов Хўжайли туманидаги 5-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида сайловчилар билан учрашди.
Унда фаоллар, туман Кенгаши депутатлари, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Ишончли вакил сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли, 5та устувор йўналишни ўз ичига олган сайловолди дастури билан таништирди. Жумладан, мактабгача таълимга бўлган талаб тўла қаноатлантирилиши ва қамраб олиш 100 фоизга етказилиши, 2030 йилгача барча шаҳар ва туманларда “Истеъдод-интилиш-келажак” номли мактаб-интернатларнинг ташкил қилиниши ва умумий таълим-тарбия соҳасида амалга оирилиши назарда тутилган мақсад ва янги вазифалар хусусида тўхтаб ўтди.
Учрашув якунида ишончли вакил Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирди.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ишончли вакили Байрамбай Отемуратовнинг сайловчилар билан навбатдаги учрашуви Қонликўл туманида бўлиб ўтди.
Унда партиянинг электорат вакиллари, ҳудуд фаоллари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот ваоситалари вакиллари қатнашди.
Учрашувда ишончли вакил сайловчиларга номзоднинг сайловолди дастури, унда бешта муҳим мақсадни ўз ичига олган асосий йўналишлар бўйича батафсил маълумот бериб ўтди.
Шунингдек, ишончли вакил Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашгани, унда номзод ўзининг сайловолди дастурида Қорақалпоғистон халқи учун бир қанча таклифларни илгари сурганлигини таъкидлаб ўтди.
Жумладан, ўқувчиларнинг мактабга қатнаши учун автобус қатнови биринчи бўлиб Қорақалпоғистонда йўлга қўйилади. Қорақалпоғистонда 160 та янги болалар боғчаси қурилиши ва таъмирланиши, 2 мингта хусусий болалар боғчаси ташкил этилиши қайд этилди.
“Биз келаси етти йилда қўшимча 100 минг янги ўқувчи ўрни яратамиз. Бунда, 30 та янги мактаб ва 150 та мактаб учун қўшимча бино қурилади, 350 таси таъмирланади. Ихтисослаштирилган мактаблар сони эса 2 карра оширилиб, 32 га етказилади. Натижада, Қорақалпоғистондаги мактабларда 30-35 нафардан ортиқ бола ўқийдиган синфлар умуман бўлмайди. Биз 1-4 синф ўқувчиларига бепул овқат беришни Қорақалпоғистондан бошлаган эдик. Энди олис ва чекка овулдаги болажонларимизнинг мактабга бориши учун автобус қатновини ҳам биринчи бўлиб шу заминдан бошлаймиз”, -деб таъкидлаган эди номзод.
Қорақалпоғистондаги айрим тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади. Янги ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларида таълим олаётган хотин-қизлар учун, ким тўлашидан қатъий назар контракт тўлови даромад солиғидан озод этилади.
Тошкентда мавжуд барча замонавий тиббий хизматлар Нукусда ҳам йўлга қўйилади, олис ва чекка овулларида ишлаётган малакали тиббиёт ходимларига 5 миллион сўмгача алоҳида устама берилади. Тошкентдан Нукусга тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилиб, йўловчиларнинг манзилига етиб бориш вақти 16 соатдан 7 соатга қисқаради, халқнинг мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорликлари бўйича 500 миллиард сўм пеня кечиб юборилади (Қорақалпоғистонда 20 млрд. сўм).
Бундан ташқари, фуқаролар йиғинлари учун “Очиқ бюджет” имкониятлари кенгайтирилади ва унга ажратиладиган маблағлар 3 ҳисса оширилади. Энди “Очиқ бюджет” лойиҳалари ғолиби бўлиш учун 1,5 минг овоз етарли бўлади ва ушбу мақсадлар учун йил якунигача яна 1,2 триллион сўм ажратилади;
2030 йилгача Қорақалпоғистоннинг бирорта фуқаролар йиғинида боғча муаммоси бўлмайди. “Тошкент-Самарқанд-Бухоро-Хива” анъанавий туристик занжирига Қорақалпоғистон ҳам қўшилади.
Учрашув давомида сайловолди дастурининг ҳар бир йўналишида илгари сурилган вазифалар, шунингдек, ўтган 6 йилда номзод томонидан мамлакатимизда амалга оширилган янгиланишлар, ҳамда барча соҳалардаги кенг кўламли ўзгаришларнинг барчаси алоҳида тилга олинди. Сўзга чиққанлар барчани номзодни қўллаб-қувватлашга ва бўлиб ўтадиган сайловда фаол иштирок қилишга чақирди.
***
“Адолат” социал демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудованинг Қорақалпоғистондаги ишончли вакили Нурлибай Қайипбергеновнинг Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмасида сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда ишончли вакил Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли, меҳнат йўли ва сайловолди дастуридаги муҳим йўналишлар ҳақида маълумот берди.
Қонунчиликка кўра, ишончли вакиллар Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзодга сайлов компаниясини ўтказишда ёрдам беради, унинг сайланиши учун тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ҳимоя қилади, деб кўрсатилган.
Таъкидланганидек, номзоднинг сайловолди дастурида жамиятимиз ривожига боғлиқ бир қатор аҳамиятли вазифалар белгиланган бўлиб, бюрократия, коррупцияга қарши кураш масалалари алоҳида ўрин олган. Бундан ташқари, давлат бошқаруви органлари фаолиятини жамоатчилик назоратига олишни янада кучайтириш, эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, тиббиёт, таълим соҳасини янада ривожлантириш масалалари ўрин олган.
— Номзоднинг сайловолди дастурида аҳамиятли ғоя ва мақсадлар қамраб олинганлиги, жамият тараққиёти билан боғлиқ долзарб масалалар ўрин олганлиги, мазкур масалаларнинг халқимизнинг менталитетига мос ҳолда акс эттирилгани бугунги учрашувга қатнашган сайловчиларда катта қизиқиш уйғотди, — дейди учрашув иштирокчиси Хамида Султамуратова.
* * *
Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партиясидан Президентликка номзод Робахон Махмудованинг ишончли вакили Нурлибай Қайипбергенов Кегейли туманида сайловчилар билан учрашди.
Унда юртимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараёнда сайловолди тадбирларининг, келажакда мамлакатимизнинг ривожланиши, фуқароларимизнинг фаровонлигини таъминлашдаги аҳамияти батафсил тушунтирилди.
Шунингдек, Президентликка номзод Робахон Махмудова ҳақида батафсил маълумотлар берилиб, сайловчилар халқимизнинг орзу-ниятлари акс эттирилган сайловолди дастури билан таништирилди.
Учрашувда сўзга чиққанлар томонидан номзоднинг сайловолди дастури қўллаб-қувватланиб, унда халқчил ғоя бош мақсад қилиб қўйилганлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, бўлажак муҳим сиёсий, тарихий жараёнда Робахон Махмудовага овоз беришга чақиришди.
-Партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудова малакали мутахассислар, бюджет ташкилотлари ходимлари, педагоглар, шифокорлар, хуллас, барча соҳа вакилларининг турмуши ва фаровонлигини янада юқори даражага кўтаришни мақсад қилган сайловолди дастурини тақдим қилмоқда, -дейди халқ депутатлари Кегейли туман Кенгаши депутати Алима Камалова.
Номзод дастуридаги бундай эзгу мақсад ва вазифалар ижтимоий ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш,меҳнаткаш халқимиз учун қулай турмуш шароитларини яратиш, юртимизда ижтимоий адолат ўрнатишга қаратилган. Биз партиянинг бундай мақсадлари бўлиб ўтадиган сайловда сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланади, деб ишонамиз.
***
Нукус шаҳрида Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Хамзаевнинг ишончли вакили Лейли Сеитованинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Партия электорати, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган учрашувда ишончли вакил йиғилганларни номзоднинг сайловолди дастуридаги устувор йўналишлар билан таништирди.
Жумладан, номзоднинг сайловолди дастуридан Орол денгизи фожеасининг аянчли оқибатларини юмшатишга қаратилган инновацион лойиҳаларни амалга ошириш орқали ҳудудда экологик ва ижтимоий –иқтисодий аҳволни, халқнинг яшаш шароитини яхшилаш масалалари, шу билан бирга, Нукус, Бухоро, Урганч, Хива, Навоий, Мўйноқ сингари аҳоли пунктлари атрофида “Яшил белбоғлар” яратиш ишларини жадаллаштириш, мазкур ҳудудлардаги яшил дам олиш боғлари майдонларини кенгайтириш масалалари ўрин олганлиги йиғилганлар томонидан илиқ қабул қилинди.
Учрашувда сўзга чиққанлар номзоднинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашини билдириб, барча сайловчиларни 9 июн куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Хамзаев Абдушукур Худойқуловичга овоз беришга чақирди.
* * *
Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Хамзаевнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги ишончли вакили Л.Сеитова Чимбой туманида ҳам сайловчилар билан учрашув ўтказди.
Ишончли вакил Л.Сеитова сайловчиларни номзоднинг сайловолди дастуридаги муҳим йўналишлар билан таништириб ўтди.
Сайловолди дастуридан ўрин олган Орол денгизининг қуриши оқибатида пайдо бўлган экологик муаммоларни юмшатишга қаратилган инновацион лойиҳаларни амалга ошириш орқали Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилаш масалалари келтириб ўтилди.
Шунингдек, дастурдан халқнинг яшаш шароитини яхшилаш, табиий техноген ҳолатлар сабабли юз бериши мумкин бўлган вазиятлар бўйича тизимли фаолият олиб бориш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш,фуқаролар учун муносиб атроф муҳит яратиш сингари таклиф-мулоҳазалар ўрин олган.
“Яшил виза” дастурини жорий қилиш, тармоқлар ва ҳудудларнинг “яшил иқтисодга ўтиш индекси”ни ишлаб чиқиш,юк ташиш машиналаридан темир йўл транспортларига ўтказишга қаратилган чоралар, шунингдек,шаҳарларнинг бош режаларини тузишда яшил майдонлар камида 30 фоизни ташкил қилиши,янги уй-жойларнинг қурилишларида “яшил зоналар” аҳоли сонига қараб бўлиши зарурлиги талаби қонунчиликда белгиланади.
Тадбирда қатнашувчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, улар ўзлари қизиқтирган саволларга жавоблар олди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.



