КАСБ БАЙРАМИ МУНОСИБ НИШОНЛАНДИ


27-июнь  куни  Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев йиғилганларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан касб байрами билан қизғин табриклади.

Таъкидланганидек, инсоният тарихида матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг  фаолияти барча даврларда ҳам  машаққатли ва масъулиятли бўлиб келган. Айниқса, бугунгидек глобаллашув даврида шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш – соҳа ходимларидан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ масъулият ва тинимсиз изланишни талаб этмоқда.

Бугунги кунда, юртимиз ҳаётида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларни халққа етказиш, жамиятимизда янгича тафаккур ва дунёқарашни шакллантириш, ёш авлодни она – Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, элимиз тинчлигини сақлаш, миллатлараро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, халқимиз ҳаётида учраётган масала ва муаммоларни ўрганиш ҳамда уларга ижобий ечим топишда соҳа ходимларининг роли катта.

Айниқса, сўнгги йилларда юртимизда Президентимиз раҳбарлигида ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳа фидойиларини муносиб рағбатлантириш, халққа холис ва ишончли ахборотни етказиш, барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини халқ орасида кенг тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу жараёнда Президентимиз таъкидлаганидек, ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистлар-ислоҳотларнинг фаол иштирокчисидир. Албатта, бундай эътироф уларнинг ҳар бирига ўзгача илҳом, куч-қувват ва катта ишонч бағишлайди.

Демак, ушбу касб эгалари ҳақида сўз борганда, халқимиз энг аввало юртимизда ижтимоий – сиёсий ислоҳотларни, демократик янгиланишларни кенг татбиқ этишда ҳисса қўшиб келаётган, янгича фикрлайдиган, барчани эзгу мақсадларга етакловчи инсонларни кўз олдига келтиради. Шу босдан ҳам, бугунги давр медиа соҳаси вакилларидан бўлаётган янгиланишлар жараёнларининг ҳар қачонгидан ҳам фаол иштрокчиси бўлишни талаб этмоқда.

Жорий йилнинг 3 март куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида ижодкорлар билан учрашув ўтказилиб, унда кўтарилган масалалар бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва унинг ижроси мунтазам назорат қилиб келинмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, журналист ва блогерларнинг фикр-таклифлари асосида жумладан, жорий йилнинг ўзида 661 миллион сўм маблағ ҳисобидан “Қарақалпақстан” радиосига радио тўлқинларни узатиш антенналари харид қилинмоқда, 2 миллиард 339 миллион сўм маблағ ҳисобидан Қорақалпоғистон телевидениесининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда. Бундан таш­қари, 757 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, “Матбуот уйи” биносида “Медиа-марказ” ташкиллаштирилмоқда.

Йил бошидан буён давлат бошқаруви органларига республика газета-журналларига обуна бўлишни ташкил этишлари учун 2 миллиард 119 миллион сўм маблағ ажратилди. Соҳа фидойиларининг меҳнати эвазига 12 июндан рақамли телеузатгич орқали Тахтакўпир, Қораўзак ва Чимбой туманлари аҳолиси маҳаллий нодавлат телеканаллари, яъни “Амударё ТВ”, “Ёшлар ТВ” ва “Элликқалъа ТВ” телеканалларини тест режимида томоша қилиш имконига эга бўлмоқдалар. Шунингдек, “Нукус ФМ” радио-эфири ҳажмини кенгайтириш мақсадида Тахтакўпир радио-телестанциясига 500 ватли радиоузатгич ва антенна қурилмалари ўрнатилди.

Жорий йил ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги янгиланишларни кенг жамоатчиликка етказиш, хал­қимизнинг маънавий дунёсини бойитишда муносиб ҳисса қўшиб келаётган “Қарақалпақстан” наш­риёти 95 йиллик, “Тўрткўлнома” газетаси 90 йиллик, “Шўманой нури” газетаси 70 йиллик, “Давр кўзгуси” газетаси 45 йиллик, “Қарақалпақстан мЁденияты” газетаси 30 йиллик, “Шифокор» газетаси 25 йиллик қутлуғ саналарини кенг нишонланиши – қорақалпоқ журналистикаси муносиб ривожланиш йўлини босиб ўтаётганини кўрсатади.

Байрам муносабати билан ўз касбига садоқати, ижодий ютуқлари, тинимсиз изланишлари билан эл назарига тушиб келаётган бир гуруҳ соҳа фидойилари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг махсус қарори билан давлат мукофотлари, кўкрак нишон ва Фахрий ёрлиқлар, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Байрам тадбири қатнашчиларига республикамиз санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ.