ФАОЛ ХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН УЧРАШУВ


Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси  А.Оринбаевнинг республикамиз фаол хотин-қизлари билан навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри ва санъат саройида бўлиб ўтган учрашувларда 2 минг нафарга яқин фаол хотин-қизлар иштирок этди.

Унда асосан бугунги кунда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бу борадаги амалий ишлар, уларга яратиб берилган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар, қонун ҳужжатлари, ҳаётга татбиқ қилинаётган дастурлар, шунингдек, ажратилаётган субсидиялар, имтиёзли кредитлар кўрсатилаётган ғамхўрликлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Бугунги кунда яратилиб берилаётган мана шундай шароитлар натижасида кўпгина хотин-қизларимизнинг турмуш тарзи ўзгариб, уларнинг ҳаётидан розилиги таъминланмоқда. Илм-фан, билим ўрганиш, касб эгаллаш, ҳунарга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар тизимли давом этмоқда.

Албатта, бу каби саъй-ҳаракатларнинг барчаси, юртимизда хотин-қизларнинг тутган ўрнини янада мустаҳкамлаш ва уларнинг фаровон турмуш кечиришига эришишга қаратилган.

Сўзга чиққанлар тинч­лигимизнинг қадрига етиш, ўзаро ҳамжиҳатлик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, ёшларнинг турли  ёт ғояларга берилмаслиги учун уларнинг тарбиясига оила ва ҳар бир она масъул эканлигини алоҳида таъкидлашди.

Учрашув эркин ва очиқ мулоқот тарзида давом этди.

Фаол хотин-қизлар билан шу каби  учрашувлар республикамизнинг бошқа туманларида ҳам бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.