Хўжайли тумани ирригация бўлимида “Сув хўжалигида рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш” мавзусида семинар ўтказилди. Семинарда соҳада рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича мутахассислар ҳамда ушбу янги технологияларни қуриш билан шуғулланадиган пудрат ташкилоти вакиллари иштирок қилди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда 2023 йил 3 мартдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларида келтирилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида сув хўжалигида рақамли технологияларни жорий қилиш белгиланган.
— 27 июнь куни Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев раислигида ўтказилган видеоселекторда 2022 йил 5 декабрда тасдиқланган режа кўрсаткичларнинг бажарилишини таъминлаш графигига мувофиқ, ҳар ҳафтанинг сешанба куни туманлардаги рақамлаштиришга масъул ходимлар билан семинарлар ташкил этиб бориш, бу борадаги вазифаларни муҳокама қилиш бўйича топшириқ берилган эди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Ахборот технологиялари ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича бош мутахассиси И.Арзубаев. Шунга кўра, Хўжайли туманида мавзу юзасидан семинар ташкил қилинди. Унда ирригация тизимларидаги “Ақлли сув”, мелиоратив кузатув қудуқларидаги “Дайвер” ҳамда сув хўжалиги объектларини автоматлаштирилган бошқарув жараёнига ўтказиш бўйича белгилаб берилган прогноз-кўрсаткичлар ижроси таҳлил қилиниб, олиб борилаётган тадбирларда йўл қўйилаётган камчиликлар ва юзага келаётган муаммоларни бартараф қилиш чоралари муҳокама қилинди.
Семинарда ирригация тизимларида сув ресурсларидан фойдаланишни онлайн режимида мониторинг қилиш имконини берувчи “Ақлли сув” қурилмаларини қурувчи “FAYZ CORP” пудрат ташкилотининг мутахассиси Алишер Файзуллаев ҳам иштирок қилди ва қурилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб ўтди. Жумладан, рақамли қурилмаларнинг ишлаш технологияси ва улардан самарали фойдаланиш бўйича маълумот берилди.
Маълумот учун: Қорақалпоғистон Республикасидаги ирригация объектларига 2023 йилда сув сарфини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи 733 та “Ақлли сув” қурилмаларини ўрнатиш белгиланган. Шундан бугунги кунгача 710 та қурилмалар биржа савдоларидан харид қилиниб, қурилиш ташкилотлари томонидан белгиланган ўринларда қурилиш ишлари бошланмоқда. Шунингдек, мелиоратив кузатув қудуқларида сизот сувлари кўрсаткичлари ва ерларнинг минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилиш имконини берувчи 262 та “Дайвер” қурилмаларини ўрнатиш ҳамда 2 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқарувини автоматлаштириш режалаштирилган.
Юқорида келтирилган ҳафта кунларидаги вазифалар тақсимоти графигига кўра, сешанба кунида сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича амалга оширилган ишлар таҳлилини муҳокама қилиш ҳам белгиланган.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги
матбуот котиби.



