Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 30 июль — Халқлар дўстлиги кунига бағишланган “Дўстлик фестивали”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, бугунги кунда юртимизда Президентимиз бошчилигида миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлашда, халқлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва меҳр-оқибатни янада кучайтириш, уларнинг миллий маданияти, урф-одат ва анъаналарини авайлаб асраш ҳамда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Сўнгги йилларда юртимизда Халқлар дўстлиги куни ва “Дўстлик фестивали” кўтаринки руҳда нишонланиб келинмоқда. Ҳар йили Президентимиз томонидан кўп миллатли халқимизга алоҳида ҳурмат кўрсатилиб, бир гуруҳ Ватандошларимиз “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланиб, миллий-маданий марказларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиляпти.
Бу борада амалга оширилаётган тадбирлар энг асосий бойлигимиз бўлган юртимиз тинчлигини сақлашда, халқлар дўстлиги, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Бугунги кунда юртимизда умргузаронлик қилаётган турли миллат вакиллари бир мақсад йўлида бирлашиб, она-Ватанимизни янада ривожлантириш йўлида фидокорона меҳнат қилиб, юқори натижаларга эришиб келмоқда.
Тадбир давомида бир гуруҳ ватандошларимизга кўкрак нишон ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Байрам тадбири санъат усталари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
ҚХА.



