КЕГЕЙЛИ: ТУМАННИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ОИД ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев Кегейли туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқнинг бандлигини таъминлаш ҳамда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш борасида бажарилган ишлар ва  навбатдаги вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Таъкидланганидек, баъзи раҳбарларнинг масъулиятсизлиги сабабли уларга юклатилган вазифалар талаб даражасида ижро этилмаган.

Хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш,уларнинг бандлигини таъминлаш, кредит маблағларини ажратиш, янги иш ўринлари яратиш мақсадида янги тадбиркорлик лойиҳаларини ишга тушириш, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйиш, бунинг учун давлат дастурлари асосида имтиёзли кредит маблағлари ажратилишини таъминлаш шулар жумласидандир. Иш ўринларини яратиш, кредит маблағлари ажратиш бўйича қўшиб ёзишлар, ҳисоботларда ошириб кўрсатиш ҳолатларига йўл қўйилган.

Бундан ташқари, қурилиш соҳасида ҳам қўшиб ёзиш, айрим ҳолатларда талон-тарож қилиш, вазифаларни ўз вақтида бажармаслик ҳолатлари учрамоқда.

Маҳаллаларни обод қилиш, фуқаролар йиғини биноларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кўчаларни тартибга солиш, шунингдек, давлат дастурлари доирасида тупроқ йўлларни қум-шағал аралашмали йўлларга ўтказиш, келиб тушган мурожаатлар бўйича ички йўлларни таъмирлаш сингари бир қатор вазифалар талаб даражасида амалга оширилмаган.

Президент қарори асосида ижтимоий объектларнинг иситиш қозонхоналарини кўмир ёқилғисига ўтказиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш ишлари ҳам белгиланган режадан ортда қолмоқда.

Туманда 2023 йил давомида фуқаролардан махсус порталга турар-жой сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш бўйича жами 264 та  ариза келиб тушган. Шундан, 41 та аризага ижобий хабарномалар берилиб, фақатгина 2 нафар фуқарога субсидия тўлаб берилган, 39 нафар фуқарога субсидиялар ажратилмаган.

Шунингдек,давлат органларида ортиқча иш ҳақи тўлаш,бўш иш ўринларини яшириш сингари салбий ҳолатлар учрамоқда.

Кегейли туманида мактабгача таълим ташкилотлари учун бюджетдан ажратилган субсидия маблағларининг мақсадли сарфланиши ўрганилганда бир қатор камчиликлар аниқланган. Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишида ҳам қатор қонун бузилиш ҳолатлари учрамоқда.

Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати натижадорлигини ошириш бўйича тадбирлар, кўп қаватли турар-жойлардаги қурилиш-таъмирлаш ишлари, давлат активларининг «ким ошди» савдоларига қўйилиши ҳамда бўш турган давлат объектлари бўйича режалар талаб даражасида бажарилмаяпти.

Бундан ташқари, муаммоли кредитларни камайтириш, инвестиция маблағларини ўзлаштириш, маҳсулотлар экспортини амалга ошириш бўйича ишлар паст даражада олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27-июндаги Фармони асосида туман ҳудудида 2018-2021 йиллар оралиғида жами 70 нафар ёшларга 8,2 гектар ер майдонлари ажратилган. Мазкур ер майдонларининг кўпчилигига унга бўлган эгалик ҳуқуқлари бугунги кунгача давлат рўйхатидан ўтказилмаган.

Бундан ташқари, йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар, сувни тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш ва сувни оқилона тақсимлашни таъминловчи қурилмаларни таъмирлаш бўйича вазифалар, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва чорвачиликни ривожлантириш тадбирлари бўйича ҳам сўз юритилди.

Йиғилишда ўз вазифасини бажаришда хато-камчиликларга йўл қўйгани учун туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи, Маҳаллабай ишлашиш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази раҳбари эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди.

Туман ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, туман ҳокими ўринбосари оила ва хотин-қизлар бўлими раиси, тиббиёт бирлашмаси бошлиғига интизомий жазо чораси қўлланилди.

Йиғилиш якунида галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ахборот хизмати.