Мажбурий ижро бюросининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан алимент ундиришга қаратилган ижро ҳужжатларининг тарафлари билан узвий алоқа ўрнатилиб, ундирувлар мунтазамлигини таъминлашнинг барча чоралари кўрилмоқда.
Мисол учун, Бюронинг Нукус шаҳар бўлими иш юритувида Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор К.Ю.дан ундирувчи Н.А.нинг фойдасига бир нафар фарзанди учун алимент нафақасини ундириш тўғрисида ижро ҳужжати мавжуд. Ижро ҳаракатлари давомида масъулиятли ота томонидан алимент мажбурияти тўлиқ бажарилиб, фарзандига аталган алимент нафақаси ойма-ой ўз вақтида тўланиб келинган. Жорий йилнинг август ойида қарздор ота Бюро бўлимига келиб, олдиндан тўлаб бериш истагини билдирди.
Давлат ижрочиси томонидан тўловлар ҳисоблаб берилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан, ота томонидан 96 миллион сўм алимент нафақаси олдиндан тўлаб берилди.
