МИЛЛИЙ ЎЗЛИГИМИЗ ВА МУСТАҚИЛ ДАВЛАТЧИЛИГИМИЗ ТИМСОЛИ


Шу йил 21 октябрь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқали академик театрида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг 34 йиллигига бағишланиб “Ўзбек тили — миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли!” шиори остида тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни билан Қорақалпо­ғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан табриклади.

Таъкидланганидек, тил — бу халқ­нинг тарихи, урф-одати ва анъаналарини ўзида мужассам этган бебаҳо хазина бўлиб ҳисобланади. Чунки, ҳар бир халқнинг ўзлигини англаши, жамиятнинг ривожланиши,инсонлар орасидаги муносабатларда тил жуда аҳамиятли ўрин эгаллайди. Шу боисдан ҳам халқимиз орасида “Тил-миллатнинг маънавий бойлиги”, “Тил яшаса, миллат яшайди”, “Тилга эътибор-элга эътибор” каби иборалар кенг тарқалган.

Сўнгги йилларда юртимизда Президентимиз раҳбарлигида давлат тилини ривожлантириш, унинг нуфузини ошириш ва келгуси авлодга соф ҳолида етказиш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шу боисдан ҳам бугунги байрам “Ўзбек тили-миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли!” шиори остида кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Ахборот технологиялари жадал суръатлар билан ривожланиб, турли ёт ғоялар миллий мафкурамизга хавф солаётган бугунги даврда она тилимизни асраш жуда долзарб масалалардан бирига айланиб бормоқда.

Шу асосда бугунги кунда юртимизда давлат тилини янада ривожлантириш, уни бойитиш ва халқаро майдондаги обрў-эътиборини тобора юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда қабул қилинган қонун, фармон ва қарорлар давлат тилининг тўлиқ тадбиқ этилишини таъминлаш, ўлкамиздаги турли миллат ва халқларнинг тилларига нисбатан хурмат туйғусини кучайтириш, давлат тили сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ва аҳамиятли йўналишларини белгилашда мустаҳкам асос бўлмоқда. Айниқса, ўтган қисқа вақт ичида Президентимизнинг махсус фармонига мувофиқ 21 октябрь — “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилингани, “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилингани, Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилгани, “Ўзбек тили изоҳли луғати”нинг беш томлиги нашр этилгани, классик ва замонавий адабиётимизнинг сайланма асарларининг чет тилларига таржима қилинаётгани хорижий мамлакатлар ўқувчилари орасида ўзбек тили ва адабиёти халқаро олимпиадасининг ўтказилиши йўлга қўйилгани-буларнинг барчаси давлат тилимизга бўлган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодаси бўлиб ҳисобланади. Жумладан, она тилимизни чуқур ўрганиш,уни илмий асосларда ҳар томонлама ривожлантириш ва татбиқ этиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрларни тайёрлаш чоралари кўрилаётгани давлат тилига бўлган юксак ҳурмат натижасидар.

Давлат тилини соф ҳолида сақлаш-бу халқнинг ривожланиши ва юртимизнинг келажагини белгилайдиган аҳамиятли мезон ҳисобланади. У ёш авлодни она-Ватанимизга садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда миллий урф-одатларимиз ва анъаналаримизни сақлашда алоҳида ўрин эгаллайди.

Байрам муносабати билан бир гуруҳ ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига кўкрак нишонлари топширилди.

Тадбирда Нукус шаҳридаги Президент мактаби ўқитувчиси Д.Ешимбетова, Қорақалпоғистон Республикаси педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази ўқитувчиси Б.Турумбетовлар сўзга чиқиб, юртимизда давлат тилини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор хусусида тўхталдилар.

Тантанали кеча иштрокчилари учун санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.