Халқаро мусобақа ғолиблари аниқланди


Нукусда юнон-рум, эркин кураш ва аёллар кураши бўйича “New Uzbekistan” халқаро мусобақаси ғолиблари аниқланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 29 июлдаги “Спорт курашларининг олимпия турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мусобақада Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Арманистон, Қирғизистон Республикаларидан ва мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 300 нафардан зиёд спортчи иштирок этди.

Уч кун давом этган мусобақа якунида юнон-рум кураши бўйича ўз вазн тоифаларида мамлакатимиз вакилларидан А.Халимбоев, Т.Туйев, М.Бахшиллоев, А.Абдумуталибов, С.Рустамов, энг оғир вазнда Беларусь Республикасидан Д.Зарубский, эркин кураш бўйича вакилларимиздан  М.Шавкатов, С.Даминжанов, Ш.Поёнов, Н.Абдурашидов, Қирғизистон Республикасидан Б.Шариб ўғли, Қозоғистондан А.Қурманалиев биринчи ўринларни эгаллади.

Аёллар кураши бўйича 50 кг вазн тоифасида Тожикистондан В.Шакаршоева, қолган 5 та вазн тоифасида қорақалпоғистонлик спортчи қизлар ғолибликни қўлга киритди. Жумладан, С.Жиенбоева, А.Қурбанбоева, М.Қўшмуратова, Н.Есенбоева ва В.Тўрениязовалар биринчи ўринларга сазовор бўлишди.

Халқаро мусобақа ғолиб ва совриндорларига ташкилотчилар томонидан  диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

муаллиф олган сурат.