РЎЙХАТГА ОЛИШНИНГ БИРИНЧИ БОСҚИЧИ ЯКУНЛАНДИ


иккинчи босқичига старт берилди

Президентимизнинг “Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 15 январь санасидан бошлаб мамлакатимиз бўйлаб рўйхатга олиш ишлари босқичма-босқич амалга оширила бошланди. Мазкур жараённинг биринчи босқичи 31 январь куни расмий равишда якунланди.

Рўйхатга олишнинг биринчи босқичи якунларига кўра, Қорақалпоғистон Республикасида жами 335 минг 880 та хонадон рўйхатга олинди. Бу умумий хонадонлар сонининг қарийб 84,9 фоизини ташкил этади. Ушбу кўрсаткич рўйхатга олиш ишлари режа асосида, белгиланган муддатларда ва юқори ташкилий даражада олиб борилганидан далолат беради.

Жорий йилнинг 4 февраль санасидан аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг иккинчи босқичига старт берилди.

Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёни ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини баҳолаш, давлат дастурларини самарали режалаштириш ҳамда келгусида қабул қилинадиган қарорлар учун муҳим статистик маълумотлар базасини шакллантиришда катта аҳамият касб этади. Шу боис рўйхатга олиш ишлари изчил ва сифатли тарзда давом эттирилиши кўзда тутилган.

Гулдана Бегдуллаева,

Қорақалпоғистон Республикаси статистика бошқармаси Рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этиш ва ўтказиш бўлими ходими.