мутахассис маълумот беради
Маълумки, Хитой Халқ Республикасидан Ўзбекистон Республикасига импорт қилинган айрим мандарин ва ананас маҳсулотларида 3 турдаги карантин объектига кирувчи зараркунандалар аниқлангани муносабати билан ушбу маҳсулотлар импортига вақтинчалик чеклов жорий этилган эди. Мазкур жараён фитосанитария хавфсизлигини таъминлаш, республика ҳудудига карантин зараркунандалари кириб келишининг олдини олиш ҳамда ички бозорда истеъмолчиларни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида амалга оширилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан тезкор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, чегара божхона постлари, фитосанитария назорат пунктлари ҳамда савдо тармоқларида назорат тадбирлари янада кучайтирилди. Республика ҳудудига кириб келаётган барча цитрус ва тропик мева маҳсулотлари қатъий фитосанитария текширувидан ўтказилмоқда.
Хусусан, чегарадан ўтаётган юклар ҳужжатларини текшириш, визуал кўрикдан ўтказиш, зарурат туғилганда маҳсулотлардан намуналар олиш ва уларни лаборатория шароитида таҳлил қилиш ишлари тизимли равишда ташкил этилган. Бу орқали ҳар бир партия маҳсулотнинг фитосанитария ҳолати аниқланиб, тегишли хулосалар берилмоқда.
Мутахассислар томонидан олиб борилаётган доимий мониторинг ва лаборатория таҳлиллари натижасида ҳозирги вақтга қадар Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида мазкур карантин зараркунандалари тарқалиши ҳолатлари қайд этилмади. Бу эса амалга оширилаётган назорат тадбирларининг самарадорлигини кўрсатади.
Агентлик мутахассисларининг бундай назорат тадбирлари нафақат импорт маҳсулотлари устидан, балки ички бозорга чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари устидан ҳам олиб борилмоқда. Ҳудудлардаги карантин инспекторлари томонидан савдо шохобчалари, омборхоналар ва бозорларда текширувлар ўтказилиб келинмоқда ва маҳсулотлардан намуналар олиниб фитосанитария лабораторияларида текширилмоқда.
Шу ўринда фуқароларга шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур аниқланган карантин зараркунандалари инсон саломатлиги учун мутлақо хавф туғдирмайди ва истеъмолчилар соғлиғига салбий таъсир кўрсатмайди. Мазкур чора-тадбирлар асосан қишлоқ хўжалиги экинлари, боғ ва плантацияларни карантин зараркунандалари тарқалишидан ҳимоя қилишга қаратилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан фитосанитария назорати доимий ва узлуксиз тарзда олиб борилиши назарда тутилган. Бу каби тадбирлар республика ҳудудида фитосанитария барқарорлигини сақлаш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини таъминлаш ҳамда аҳолини сифатли ва хавфсиз маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилади.
О.Айтжанов,
М.Саидова,
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Нукус шаҳар инспекторлари.



