Томчилатиб суғориш тизимини жорий қилганларга ҳар бир сотих учун 160 минг сўм компенсация тўланади


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2026 йилда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди. Давлат раҳбари сўнгги бир йилда 366 минг оила камбағалликдан чиққани, камбағаллик даражаси 5,8 фоизга, ишсизлик эса 4,8 фоизга тушганини қайд этди. Бироқ эришилган натижалар билан чекланиб қолмасдан, янги босқичда янада аниқ ва манзилли чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда асосий эътибор субсидия ва молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтиришга қаратилди. Жорий йилда 1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш ҳамда ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизга тушириш вазифаси қўйилди. Бу мақсадларга эришишда давлат томонидан бериладиган бевосита молия­вий ёрдам муҳим ўрин тутади.
Хусусан, 903 та “оғир” маҳаллада қуввати 300 киловатт бўлган кичик қуёш электр станциялари қурилиб, 7 йилга фоизсиз лизинг асосида берилади. Ушбу лойиҳа нафақат барқарор электр таъминотини таъминлайди, балки маҳаллалар учун қўшимча даромад манбаини ҳам яратади. Олинадиган “яшил” даромадлар эҳтиёжманд хонадонларни қўллаб-қувватлашга, энергия тежамкор таъмирлаш ишларига йўналтирилади.
Қишлоқ хўжалигида ҳам субсидиялар ҳажми кенгайтирилмоқда. Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларига сертификатланган кўчатлар харидининг 50 фои­зи бюджет ҳисобидан қоплаб берилади. Мевачиликда “шпалер”лар учун 20 минг сўмдан 70 минг сўмгача субсидия ажратилади. Томчилатиб суғориш тизимини жорий қилганларга ҳар бир сотих учун 160 минг сўм компенсация тўланади. Экспортбоп маҳсулот етиштиришни ташкил этган уста деҳқонлар эса 2 миллион сўмдан 75 миллион сўмгача мукофот пули олади.
Шунингдек, пиллачиликни ривожлантириш мақсадида кооперация ташкил этган эҳтиёж­манд оилаларга 4 миллион сўм субсидия, уй шароитида пилла етиштириш учун эса 20 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади. 2 минг гектар ўрмон ерларининг 4 минг камбағал оилага 10 йилга бепул берилиши ҳам аҳоли бандлиги ва даромадини оширишга хизмат қилади.
Умуман, йиғилишда камбағалликни қисқартиришнинг янги босқичи аввало манзилли субсидиялар, имтиёз­ли молиявий ресурс­лар ва рағбатлантириш механизмларига таянишини кўриш мумкин. Давлат қўллаб-қувватлаши орқали маҳаллаларда иқтисодий фаолликни кучайтириш, аҳолининг доимий даромад манбаини шакллантириш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш асосий мақсад этиб белгиланди.

Ўз мухбиримиздан.