“Нукус деҳқон бозори” маъмуриятидан жавоб олдик:
Президентимизнинг жорий йил 16 февралдаги «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарорида аҳолини, айниқса эҳтиёжманд қатламларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, муқаддас ойда саховат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур вазифалар ижросини таъминлашда озиқ-овқат маҳсулотлари нарх-навосини барқарор сақлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида байрамлар муносабати билан арзонлаштирилган савдо ярмаркаларини ташкил этиш яхши анъанага айланган. Бу тадбирлар аҳолини сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш, бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаши билан бирга халқимизнинг кайфиятини кўтаришга хизмат қилиши шубҳасиз.
“Нукус деҳқон бозори” маъмуриятининг маълумот беришича бозорда ташкил этилаётган ярмаркалар – ишлаб чиқарувчидан истеъмолчига, “Даладан – дастурхонгача» тамойили асосида ташкил этилаётгани халқимизни қувонтирмоқда.
— Айниқса, муборак Рамазон ойи муносабати билан ташкил этилаётган ярмаркалар аҳоли манфаатларига хизмат қилаётгани ўзига хос анъана, — дейди жамият директори ўринбосари Байрам Абатов. — Айни пайтда ярмаркаларда 45 та хўжалик юритувчи субъект иштирок этмоқда. Бу эса ортиқча воситачиларни қисқартириш орқали маҳсулотларнинг мақбул нархларда сотилишини таъминламоқда.
Бозорга маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳсулотларнинг мунтазам етказиб берилиши нархлар барқарорлигида муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, “KUNGRAD GOLDEN EGG, CAMEL WAY” ҳамда “NUKUS BROILER PRODUCTS” корхоналари томонидан товуқ гўшти ва тухум маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Шунингдек, маҳаллий корхоналар томонидан гуруч, гўшт, сут ва сут маҳсулотлари кенг ассортименти аҳолига таклиф этилмоқда. Бу жараёнда “PanaMilk” ва “Мўйноқ сут” каби корхоналарнинг ҳиссаси алоҳида аҳамиятга эга.
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида назорат тадбирлари ҳам изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда сунъий нарх ошишининг олдини олиш чораларини кўрмоқда.
Шу билан бирга, жорий қиш мавсуми учун жами 3435 тонна озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захира қилинди. Жумладан, 998 тонна картошка, 540 тонна пиёз, 985 тонна сабзи ва 912 тонна бошқа биринчи даражали маҳсулотлар жамғарилди. Бу захиралар йил давомида бозорда барқарор таъминотни таъминлаш имконини беради.
Биринчи даражали маҳсулотлар захирасини шакллантириш мақсадида тадбиркорларга 10 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилди. Натижада маҳаллий бозорга қўшимча маҳсулотлар Россия Федерацияси, Покистон, Ҳиндистон ва Мўғулистон давлатларидан ҳам импорт қилинмоқда.
Бозор инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда. Замонавий савдо майдонлари ташкил этилиши маҳсулотларни сақлаш ва сотиш шароитларини яхшилаб, санитария талабларига риоя этилишини таъминламоқда. Бу эса истеъмолчилар ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилаётган чора-тадбирлар аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, бозорларда нарх-навони барқарор сақлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бу эса Рамазон ойини муносиб ўтказиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Гўзал ЖИЕНБАЕВА,
Қорақалпоқ давлат университетининг Журналистика хизмат турлари ихтисослиги 2-босқич магистранти.



