Жонажон Ватанимизга муборак Рамазон ойи кириб келди. Асрлар давомида мусулмонлар томонидан алоҳида эҳтиром билан кутиб олинадиган ушбу муборак ой қалблар покланадиган, меҳр-шафқат ва саховат туйғулари юксаладиган улуғ айёмдир. Юртимизда тинчлик-осойишталикда рўза тутиш ва ибодат қилиш имконияти яратилгани шукроналикка арзийди.
Рамазон ойида Қуръони карим нозил бўлгани бу ойнинг фазилатини янада улуғ қилади. Шу боис бу ой нафақат рўза тутиш, балки маънавий камолотга интилиш, сабр-тоқатни мустаҳкамлаш, эзгу амалларни кўпайтириш давридир. Рўза инсонни шукр қилишга, муҳтожлар ҳолини англашга, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликка чорлайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида имон ва савоб умиди билан рўза тутган мўминларнинг гуноҳлари мағфират этилишини башорат қилганлар. У зот бу ойда янада саховатли бўлиб, эҳтиёжмандларга ёрдам беришга алоҳида эътибор қаратганлар. Бугун ҳам юртимизда ушбу эзгу анъаналар давом эттирилиб, қариндош-уруғ, қўшнилар ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, саховат ва хайрия тадбирларини амалга ошириш кенг қулоч ёймоқда.
2026 йил 16 февралда давлатимиз раҳбари томонидан “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, “Нуроний” жамғармаси ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларимизга мос тарзда ўтказиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистонда ҳам “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” ғояси асосида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга амалий ёрдам кўрсатиш, ифтор тадбирларини камтарона ва тартибли ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида арзонлаштирилган ярмаркалар ташкил этилиб, аҳолига қулайликлар яратилмоқда.
Шунингдек, закот, фитр ва фидя миқдорлари расман белгиланиб, мусулмонларга ибодатларини адо этишда аниқлик ва енгиллик яратилди. Масжидларда таровеҳ намозлари ва хатми Қуръонлар адо этилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар жамиятда ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсон қадрини улуғлаш ғояларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Рамазон — дуолар ижобат бўладиган ой. Шу муборак кунларда Ватанимиз тинч, халқимиз фаровон, оилаларимиз бахт-саодатли ва ёшларимизнинг камолоти юксак бўлишини Аллоҳ таолодан сўраймиз!
Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойини муборак қилсин. Бу ойдан унумли фойдаланиб, савобларимизни кўпайтириш, гуноҳларимизга тавба қилишга тавфиқ берсин, бу муборак ойда гуноҳлардан покланишни насиб айласин! Омин!
Айбек ДЖУЛАУШИЕВ,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ўринбосари,
Нукус шаҳар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жоме масжиди имом-хатиби.



