Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида газета таҳририятларида сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланиш мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Унда республикадаги газета ва журналлар бош муҳаррирлари, Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультети ҳамда Масс-медиа ва оммавий коммуникациялар кафедраси профессор-ўқитувчилари, шунингдек, ёш журналистлар иштирок этди.
Маълумки, 2025 йилнинг 19 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаевнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижод аҳли ва ижтимоий тармоқ фаоллари билан учрашуви бўлиб ўтган эди. Учрашувда газета ва журналлар фаолиятига замонавий технологияларни жорий этиш, ахборот тарқатиш тизимини такомиллаштириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Мазкур семинар ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбир давомида филология фанлари доктори Қумар Бекниязова ва магистрант Бийбисара Жартибаева сунъий интеллект асосида тайёрланган “Fakultet JI” газетаси тақдимотини ўтказиб, уни яратишда қўлланган AI дастурлари ва уларнинг имкониятлари ҳақида маълумот бердилар.
Шунингдек, «Қорақалпоғистон тонги» газетаси бош муҳаррири Ғ.Атажанов “Газета фаолиятида замонавий технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш” мавзусида тақдимот қилди. Унда виртуал бошловчи — “Тонготар”нинг яратилиши, унинг номланиши, видеоконтент тайёрлашдаги аҳамияти ҳамда таҳририят фаолиятига инновацион ечимларни жорий этиш тажрибаси ҳақида батафсил маълумот берилди.
Семинарнинг асосий мақсади оммавий ахборот воситалари вакилларини сунъий интеллект имкониятлари билан таништириш, ахборот тайёрлаш жараёнида матн яратиш ва таҳрирлаш, маълумотларни тезкор таҳлил қилиш, визуал материаллар тайёрлаш каби кўникмаларни шакллантиришдан иборат бўлди.
Тренингнинг амалий қисмида иштирокчилар турли сунъий интеллект платформалари ёрдамида мақола яратиш, расм ва визуал контент тайёрлаш, таҳлилий материалларни қисқа вақт ичида ишлаб чиқиш бўйича машғулотларда қатнашди. Мутахассислар томонидан медиа муҳаррирлари учун сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Шу билан бирга, сунъий интеллектдан фойдаланишда одоб-ахлоқ меъёрлари, муаллифлик ҳуқуқи, ахборот хавфсизлиги ва журналист масъулияти каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Очиқ мулоқот давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.
Мутасаддилар таъкидлаганидек, бундай семинар-тренинглар журналистика соҳасида инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш, ахборот тайёрлаш сифатини ошириш ва аҳолига тезкор, ишончли маълумот етказиш тизимини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Р.Мадримова
тайёрлади.



