Аёл – нафосат ва муҳаббат тимсоли. У бор жойда меҳр бор, файз бор, барқарорлик бор. Чунки аёл нафақат оила таянчи, балки жамият равнақининг муҳим омилидир. Бугун мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Аёлларнинг, хусусан, қиз боланинг ўқиб, олий маълумотли бўлиши, касб-ҳунар эгаллаши оила бахти, фарзандлар камоли ва шу асосда бутун жамият равнақи учун хизмат қилади”.
Ҳақиқатан ҳам, илмли аёл – маърифатли оила демакдир. Маърифатли оила эса кучли давлат пойдеворидир. Сўнгги йилларда давлат бошқаруви тизимида аёллар улушининг анча ошгани бу борадаги амалий ишлар самарасидир. Гендер тенглик кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон жаҳонда энг тез ривожланаётган давлатлар қаторига киргани ҳам эътиборлидир.
Жойларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорликка жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бугун аёллар нафақат таълим ва тиббиёт соҳасида, балки сиёсат, иқтисодиёт, саноат ва инновация соҳаларида ҳам фаол иштирок этмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистонда 1 миллион 2 мингдан ортиқ хотин-қизлар истиқомат қилади. Улардан 17 фоиздан ортиғи давлат бошқаруви соҳасида меҳнат қилмоқда. Бу рақамлар аёлларнинг жамият ҳаётидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
2022 йил 15 августда қабул қилинган “Давлат олий таълим муассасалари магистратура босқичида таълим олаётган хотин-қизларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор эса кўплаб ёш аёллар учун янги имкониятлар эшигини очди. Айниқса, турмушга чиққанидан сўнг таълимни давом эттиришда қийинчиликка дуч келаётганлар учун бу қарор айни муддао бўлди.
Ушбу яратилган имкониятдан тўлақонли фойдаланган аёл-қизлардан бири мисолида ўзимни келтиришим мумкин. Бакалавриат таълимини тўлов-шартнома асосида базўр битирган бўлсам, магистратура бўлимига ўқишга ҳужжат топширишнинг ўзи жуда мушкул эди, мен учун. Чунки яна шартнома асосида ўқишга кирадиган бўлсам, таълимни давом эттиришдан воз кечишга тўғри келарди. Буни қарангки, шу орада Президентимиз қарори тасдиқланди ва мен ҳам қўрқмасдан ҳужжатларимни топширдим. Чунки англадимки, шартнома асосида ўқишга қабул қилинсам ҳам, бемалол таълим олишим мумкин, шартнома маблағлари давлат томонидан тўлаб берилади. Бу қарор мен каби қанчадан қанча аёл-қизларнинг тақдирини тубдан ўзгартириб юборди. Албатта ижобий томонга.
Аёл бахтли бўлса – оила бахтли. Оила бахтли бўлса – жамият мустаҳкам. Демак, илмли ва қўллаб-қувватланган аёл – миллат келажагининг энг ишончли таянчидир.
Света ШАМУРАТОВА,
Қорақалпоқ давлат университети Ноширлик иши ва муҳаррирлик ихтисослиги 2-босқич магистранти.



