ТИНЧЛИК ЙЎЛИДАГИ МУҲИМ ҚАДАМ


Жаҳонда геосиёсий қарама-қаршиликлар, минтақавий низолар, қуролли тўқнашувлар ва турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бугунги мураккаб шароитда тинчликни асраш, давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Бугун глобал барқарорликка раҳна солаётган таҳдидлар фақат муайян бир ҳудуд ёки халқ манфаатларига эмас, балки бутун инсоният келажагига таъсир кўрсатмоқда. Ана шундай масъулиятли паллада Шавкат Мирзиёевнинг Тинчлик кенгашининг биринчи саммитида иштирок этиб, халқаро минбарда нутқ сўзлагани мамлакатимиз ташқи сиёсатининг изчил, очиқ ва тинчликпарвар тамойилларга асосланиб олиб борилаётганини яна бир бор намоён этди.

Президент ўз нутқида глобал тинчлик ва барқарорликни таъминлашда, энг аввало, мулоқот маданиятини юксалтириш, ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳитини шакллантириш, халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий амал қилиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. Давлатимиз раҳбари ҳар қандай зиддият ва келишмовчиликларни куч ишлатиш орқали эмас, балки музокара, ўзаро англашув ва манфаатли ҳамкорлик асосида ҳал этиш зарурлигини қатъий позиция сифатида илгари сурди. Бу ёндашув Ўзбекистоннинг тинчликни энг олий қадрият сифатида эътироф этишини яққол ифода этади.

Айниқса, Марказий Осиё минтақасида тинчлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани Президент нутқида алоҳида қайд этилди. Сўнгги йилларда қўшни давлатлар билан муносабатларнинг мутлақо янги босқичга кўтарилгани, очиқ ва амалий мулоқот йўлга қўйилгани бутун минтақа барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бу эса, ўз навбатида, савдо-иқтисодий алоқалар кенгайишига, транспорт ва логистика лойиҳаларининг ривожланишига, маданий-гуманитар ҳамкорлик мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Президент томонидан илгари сурилган ташаббуслар –  тинчликни мустаҳкамлаш, ёшларни экстремистик ва радикал ғоялар таъсиридан асраш, таълим ва маърифат орқали барқарор жамият қуриш, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш каби устувор йўналишлар нафақат минтақавий, балки глобал миқёсда ҳам долзарбдир. Чунки бугунги кунда маънавий таҳдидлар, ахборот хуружлари ва мафкуравий босимлар шароитида ёш авлодни соғлом фикрли, кенг дунёқарашли ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш ҳар бир давлат олдида турган муҳим вазифадир.

Шу маънода, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда масъулиятли, ишончли ва очиқ ҳамкор сифатидаги нуфузи тобора ортиб бораётганини таъкидлаш жоиз. Мамлакатимиз турли халқаро ташаббуслар билан чиқиб, умуминсоний қадриятларни илгари сурмоқда, глобал муаммолар ечимига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Депутат сифатида айтиш мумкинки, Президентимиз томонидан амалга оширилаётган тинчликпарвар сиёсат ички тараққиётимиз учун ҳам мустаҳкам замин яратмоқда. Зеро, тинч ва барқарор муҳит мавжуд жойда ислоҳотлар самарали кечади, инвестициялар жалб этилади, тадбиркорлик ривожланади, энг муҳими – инсон қадри юксалади. Тинчлик –  бу тараққиёт гарови, фаровон ҳаёт асосидир.

Хулоса қилиб айтганда, Тинчлик кенгашининг биринчи саммитида билдирилган фикр ва ташаббуслар Ўзбекистоннинг тинчлик, барқарорлик ва ҳамкорлик йўлидан қатъият билан бораётганининг яна бир амалий ифодаси бўлди. Бу қадам нафақат бугунги авлод, балки келажак насллар манфаатига хизмат қиладиган тарихий аҳамиятга эга ташаббус сифатида эътироф этишга арзийди.

Лола ХЎЖАНИЁЗОВА,

Беруний тумани “Халқ минбари” газетаси Бош муҳаррири,

Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист,

O’ZLIDEP туман Кенгаши депутати.